4 феврал куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 72-ИДУМ (ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби)да 300 нафардан ортиқ ота-онадан ташқари тумандаги бошқа таълим муассасалари вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Бошқа мактаблар вакилларига узр сўраш мажлиси намуна сифатида кўрсатилиб, уларнинг мактабларида ҳам шундай тадбирлар ўтказилиши айтилган.

Kun.uz манбасига кўра, бундай йиғилишлар ўтказилиши бўйича топшириқни туман ҳокими берган. Топшириқ ижросини таъминлаш ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухторжон Қурбонов ва туман халқ таълими бўлими мудири Алияхон Абдувоҳидова зиммасига юклатилган. Устозларнинг таъкидлашича, улар қаршилик қилишига қарамасдан сўзга чиқиш ва ота-оналардан узр сўраш қатъиян талаб қилинган.

«Керак бўлса кўзёш тўкишимиз ҳақида ҳам айтишди. Айрим устозлар чидаб тура олмади. Ўттиз йилдан буён ўқувчиларга таълим бераётган устозлар ҳам тик туришга мажбурланди. Ҳаммаси сценарий бўйича бўлди. Қайси сўзни айтишимиз, қачон саҳнага чиқишимиз - ҳаммаси олдиндан режалаштирилган эди», – дейди тадбирда иштирок этган ўқитувчилардан бири.

Аввалига алоҳида сценарий асосида тайёргарлик кўрилган тадбирни бир кун олдин, 3 феврал куни репетиция қилиш ҳам келишиб олинган. Аммо айрим сабабларга кўра тайёргарлик кўриш, сўзга чиққанларнинг маърузаларини тинглаш 4 февраль куни эрталаб амалга оширилган.

Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари Мухторжон Қурбонов

Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошев иштирок этиши кўзда тутилган йиғилишни унинг ўринбосари ва туман халқ таълими бўлими мудираси аввалдан тайёрланган сценарий асосида ташкил этишган.

Мактаб директори Муқаддамхон Ҳасанованинг таъкидлашича, у дастлаб бу мажлисга қарши чиққан. Бироқ туман ҳокими ўринбосарининг илтимосига биноан ўтказишга рози бўлган.

Мактаб директори Муқаддамхон Ҳасанова

У мажлисда мактабдаги сўнгги уч йиллик фаолият бўйича ҳисобот берган. Ҳисоботнинг танқидий қисми бошланган пайтда мактаб ўқитувчилари залга олиб кирилган ва қатор қилиб туришлари айтилган. Директор маърузасидан сўнг, олдиндан тайёрланган ўқитувчилар ўз фанини яхши ўқита олмаётгани учун узр сўрашган.