Ўзбекистон | 14:08 / 11.02.2022
4185
2 дақиқада ўқилади

«Автойўл»нинг йўл белгиларини ишлаб чиқишдаги монополияси бекор қилинади 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Йиғилишда йўл ҳаракати воситалари соҳасидаги ишларни молиялаштириш учун ЙҲХБ тизимида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика ва вилоят жамғармалари ташкил этилиши маълум қилинди. Жамғармалар ҳар йили камида 400 миллиард сўм тушадиган аниқ манбаларга эга бўлади. Шунингдек, бунга маҳаллий бюджетлардан ҳам маблағ ажратилади.

Давлат раҳбари мисол тариқасида Фарғона вилояти тажрибасини кўрсатиб ўтди.  Вилоят бюджетидан 24 миллиард сўм ажратилиб, 125 километр йўлларга ёриткич ва нур қайтарувчи воситалар, 24 та пиёда йўлакларига светофор, 107 тасига “сунъий дўнгликлар” ўрнатилган. Натижада, вилоятда умумий авариялар 31 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 21 фоизга, пиёдалар иштирокидаги ҳодисалар 37 фоизга камайган. 

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ички ишлар бошлиқлари билан бирга муаммоли жойлар, “авария ўчоқлари”дан келиб чиқиб, уларни бартараф этиш бўйича ойлик ва чораклик манзилли дастурларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, йўл белгиларини ишлаб чиқишда “Автойўл”нинг монополияси бекор қилинади ва ушбу соҳага тадбиркорлик субъектлари жалб этилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид