11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда давлат раҳбари Ўзбекистондаги йўл ҳаракати қоидалари эскирганини таъкидлаб, уларни халқаро стандартлар асосида, мутахассислар ва ҳайдовчилар фикрини ўрганган ҳолда янгилаш бўйича топшириқ берди.

«Қонунчиликка киритиладиган ҳамма янгиликлар депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади», деган президент.

Йиғилишда соҳадаги аянчли ҳолат статистик маълумотлар асосида танқидий таҳлил қилинди. Таҳлиллар кўрсатишича, аварияларнинг 45 фоизи — ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги, 10 фоизи — ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги, 25 фоизи — йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги, 20 фоизи — пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида содир бўлмоқда.

«Юқоридаги муаммоларнинг барчаси ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий, ҳам хавфсизлик масалаларига бевосита боғлиқ. Шу боис, 2022 йилда барча ҳудудларда «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» умуммиллий дастурини амалга оширамиз», деди президент.

Қайд этилишича, 2021 йилда аниқланган 7,7 миллион ҳуқуқбузарликдан 46 фоизи қўпол қоидабузарликлар ҳисобланади. Айниқса маст ҳолда бошқариш Самарқанд (12 мингта), Тошкент вилояти (8,5 минг), Фарғона (7,5 минг) ва Тошкент шаҳрида (7 минг), қизил чироққа ўтиш Тошкент вилояти (62 минг), Самарқанд (51 минг) ва Тошкент шаҳрида (47 минг) анча юқори.

Жарима баллари

Президент «қўпол қоидабузарларга жазо муқаррарлиги таъминланиши шарт»лигини таъкидлади.

Қонунчилик палатаси ва мутасадди идораларга йўл ҳаракатига оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Чунки қўпол қоидабузарликлар, уларни такрор содир этиш ҳолатлари кўпайган.

  • 2021 йилда республика бўйича 95 минг нафар ҳайдовчи 5 тадан кўп, 9 минг нафари 20 тагача, 700 нафари 50 тагача, 18 нафари 100 тагача қоидабузарлик содир этган.

Жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида, бундан буён, ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилиши белгиланди. Масалан, ҳайдовчи тезликни оширса, 1 балл, қизил чироқда ўтса, 3 балл ҳисобланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва қайта имтиҳон топширади.