Бундан 23 йил муқаддам пойтахтдаги Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та портлаш юз берган. Булардан бештасида портловчи моддалар тўлдирилган енгил автомобиллар портлатилган. Портлашлар натижасида расмий маълумотларга кўра 16 киши қурбон бўлган, 100 нафардан ортиқ одам жароҳатланган. Айнан шу куни Вазирлар Маҳкамасида 1998 йил якунлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтиши, унда давлат раҳбари Ислом Каримов иштирок этиши керак эди. Портлашларда бевосита президентга суиқасд қилингани маълум қилинган.

Ўша пайтларда президент матбуот котиби бўлиб ишлаган Азамат Зиёнинг эслашича, у Ислом Каримовни хавфсиз жойга кетишга ундаган. Аммо давлат раҳбари бунга жавобан: “Бу гапни бир марта менга гапирдинг, бошқа гапирмагин! Бу нафақат менга қаратилган, балки энг аввало, халқимизга, давлатимизга ва мустақиллигимизга қарши қаратилган хуруждир” деган ва айнан портлашлар содир бўлган жойга йўл олган.

Бу фақат Азамат Зиё томонидан очиқланган ҳолат. Катта эҳтимол билан давлат раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаши зарур бўлган махсус хизматлар вакиллари ҳам Ислом Каримовга хавфсиз жойга кетиши зарурлигини билдиришган. Албатта, бу жиҳатлар ҳозирча сирлигича қолмоқда. Лекин шуниси аёнки, Ислом Каримов портлаш содир бўлган Вазирлар Маҳкамаси биноси ёнига боради ва ҳудудни шахсан ўзи кўздан кечиради. Одатда ўзини сездирмайдиган, кўзга ташланмайдиган тансоқчилар автоматлар билан унинг атрофида зич ҳалқа ҳосил қилиб юришади. МХХ раҳбари Рустам Иноятов ва ички ишлар вазири Зокиржон Алматов президентга ҳамроҳлик қилишади. 

Ислом Каримов воқеа жойида телевидениега интервью беради ва шундай дейди (мазмунан):

— Мана шу бинода шикастланган, яраланган инсонлар бор. Ўйлайманки, бунга кимдир чуқур тайёргарлик кўрган. Мақсад — халқ тинчлигини бузиш, президентни йўқ қилиш, қўрқитиш, ваҳима уйғотиш. “Мана, Ўзбекистонда тинчлик бузилди. Бизнинг бу давлатни йўлдан буришга кучимиз бор” деб одамларнинг кўнглига ғулғула солиш. Ғаразли ниятли инсонлар томонидан халқ фаровонлигига рахна солиш учун катта тайёргарлик кўрилган.

Лекин бизнинг қудратимиз етарли, ишонаманки, бу йўлдан, олиб бораётган сиёсатимиздан бизни ҳеч ким қайтара олмайди. Халқимиз ҳам буни қўллаб-қувватлашига ишонаман. Халқимизга мурожаатим, агар менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз ваҳима қилманг. Бу муттаҳамларни нафақат жойига қўйиш, балки қўлини кесиб ташлашга кучимиз етади...

Фото: Ислом Каримов фонди