Ўзбекистон | 15:35 / 17.02.2022
3697
2 дақиқада ўқилади

Янгийўл ва Гулистон туманларида очиқ бюджет порталида ғолиб бўлган ташаббуслар қисқа муддатда амалга оширилиши маълум қилинди

Янгийўл ва Гулистон туманларида очиқ бюджет порталида ғолиб бўлган ташаббуслар амалга ошмаётгани ҳақидаги мақола бўйича тегишли ҳокимликлар муносабат билдирди.

Фото: openbudget.uz

Хусусан, Янгийўл тумани ҳокимлиги кўприк қурилиши масаласида изоҳ беришича, ташаббусда сўралган 100 млн сўм маблағ пудратчиларни қизиқтирмагани сабабли лойиҳа суммаси ҳокимлик томонидан оширилган ҳолда танлов учун қайта эълон берилади.

Туман ҳокимлиги томонидан танлов жараёнида пудратчилар томонидан таклиф билдирилмагани сабаблари таҳлил қилинганда фуқаро Икром Рихсибоев томонидан таклиф қилинган 100 млн сўм маблағга пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган кўприк лойиҳасини амалга ошириш имкони йўқлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу кўприкни мукаммал таъмирлаш учун қайтадан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, талаб этиладиган маблағга аниқлик киритилади ҳамда етишмаган қисми маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ажратилган ҳолда лойиҳанинг қисқа муддатда амалга оширилишини маълум қиламиз” – дейди Янгийўл ҳокимлиги ахборот хизмати.

Шунингдек, Гулистондаги ҳолат бўйича Сирдарё вилояти ҳокимлиги муносабат билдирди.

Унда айтилишича, лойиҳани амалга ошириш учун ажратилган 500 млн сўм маблағ Гулистон тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига ўтказилган ҳамда лойиҳа қисқа муддатларда амалга оширилиши таъминланади.

Бугунги кунда, Гулистон тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ташаббусда кўрсатилган лойиҳани амалга ошириш учун “Hududgaz Sirdaryo” газ таъминот филиалидан техник шарт олинган бўлиб, Давлат харидлари бўйича Товар-хомашё биржаси электрон порталига танлов ўтказиш учун эълон жойлаштирилган. Лойиҳа қисқа муддатда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ амалга оширилиши таъминланади”, – дейилади Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборотида.

Мавзуга оид