Ҳафта ўртасида ўтган еврокубоклар жума куни миллий чемпионат ўйинларига, хусусан Турин дербисига уланиб кетди ва «Ювентус» яна очко йўқотди. Англияда эса бугун, 19 февраль куни Пеп Гвардиола ва Антонио Контенинг навбатдаги тўқнашуви бўлиб ўтади. Испанияда баск дербиси, шунингдек, Англиянинг энг катта қарама-қаршиликларидан бири ушбу дам олиш кунлари бизни кутиб турибди.

19 февраль (шанба)

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ТОТТЕНҲЭМ

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

Жамоалар ушбу мавсумнинг илк турида ҳам Лондонда тўқнаш келишган ва ўшанда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Кўп нарса ўзгарди, ҳатто «Тоттенҳэм»нинг мураббийи ҳам бошқа – Антонио Конте. «Манчестер Сити» эса ўша мағлубиятдан кейинги 24 ўйинда яна атиги бир марта ютқазди, холос ва айни дамда АПЛда 9 очколик фарқ билан пешқадамлик қилмоқда. Еврокубоклар ва тиғиз тақвимлар олдидан Гвардиола шогирдлари очко йўқотмасликка ҳаракат қилишлари табиий, зеро асосий таъқибчи бўлмиш «Ливерпуль» ҳам қаторасига ғалаба қозониб келмоқда.

Лекин «Тоттенҳэм» бироз муваффақиятсиз даврни бошдан кечиряпти. Конте келганидан бери, Англияда 8 ўйинда мағлубиятга учрамаган жамоа қаторасига уч ўйинда мағлубиятга учради. «Челси» билан сафар ўйинини тушуниш мумкин, рақиб кучли эди, аммо кейинги икки уй учрашувида жадвалда пастроқ жойлашган жамоалардан мағлубиятлар анча оғир бўлди. Йўқотилган очколар бўйича ҳатто АПЛда учинчи ўринда бўлган ва ЕЧЛ йўлланмаси учун курашда фаворит бўлган «Тоттенҳэм» 8-ўринга тушиб кетди.

Фото: Getty Images

Таркиблар борасида ҳар икки жамоада ҳам айтарли муаммо йўқ. Мезбонлардан Грилишнинг қайтиши ҳали номаълум бўлса, шунингдек, Жезуснинг ўйнаши ҳам шубҳа остида. Шу билан бирга «Сити» ҳафта ўртасида ЕЧЛ доирасида Португалияда ўз ўйинини ўтказди ва Гвардиола таркибда бир қатор ротацияларни амалга ошириши ҳам мумкин. Меҳмонлардан эса Танганга ва Оливер Скипларда жароҳат бор.

Шунингдек, Ҳарри Кейннинг «Этиҳад»да майдонга тушиши ҳам ўзига яраша эътиборга арзирли бўлиши керак. Ҳужумчини ёз бўйи «Манчестер Сити» сотиб олишга муваффақиятсиз уриниб кўрган ва ҳали ҳам фикридан воз кечгани йўқ. Футболчи эса Манчестерга ўтиш учун ҳатто ўз клубида машғулотлардан воз кечганди. Юқорида тилга олинган 1-тур ўйинида ҳам Кейн қатнашмаганди.