Ўзбекистон | 11:49 / 19.02.2022
13835
2 дақиқада ўқилади

Россия МДҲ давлатларини мигрантлар устидан қаттиқ назорат ўрнатилиши ҳақида огоҳлантирди

Россия ички ишлар вазири биринчи ўринбосари Александр Горовой МДҲдаги ҳамкасбларини меҳнат муҳожирларини тайёрлаш даражасини оширишга ва уларнинг Россиядаги бузғунчи жараёнларга жалб этилиши олдини олишга чақирди.

Фото: РИА Новости / Александр Гальперин

Бу Россия президенти Владимир Путиннинг экстремизм ва ҳуқуқ-тартибот тартибини бузганлик учун мигрантларни чиқариб юбориш ҳақидаги чақириғидан сўнг рўй берди.

Россия ИИВ матбуот марказининг хабар беришича, Горовой МДҲга аъзо давлатлар миграция органлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишини ўтказди.

«Кенгаш раиси ҳамкорлар эътиборини муҳожирларни қабул қилувчи давлат ҳудудида бузғунчи жараёнларга жалб этилишининг олдини олиш, мигрантларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўз мамлакатини тарк этгунга қадар тайёрлаш даражасини ошириш зарурлигига қаратди.

Шунингдек, Горовой миграция қонунчилигини бузганлик, жумладан ноқонуний меҳнат фаолияти учун чет эл фуқароларига нисбатан қаттиқ чоралар кўрилиши, улар Россия ҳудудидан чиқариб юборилиши ва қайтиб киришига тақиқ қўйилиши тўғрисида огоҳлантирди», — дейилади матбуот маркази хабарида. 

Йиғилишда Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва МДҲ ижроия қўмитасининг кенгаш аъзолари ҳамда ваколатли вакиллари иштирок этди. Меҳмон ва кузатувчи сифатида Туркманистон, Евросиё иқтисодий комиссияси ва Касаба уюшмалари умумий конфедерацияси вакиллари қатнашди. 

Бундан ташқари, матбуот марказидан хабар қилинишича, бир кун аввал МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим иштирокчи-давлатлари қўшма комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. 

«МДҲга аъзо давлатларда ҳуқуқий ҳолатини аниқлаш даврида ушлаб турилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча сақлаш учун ихтисослаштирилган муассасалар фаолияти тўғрисидаги масала кўриб чиқилди», — дейилади ИИВ ахборотида. 

Аввалроқ, Россия миграция қонунчилигини кучайтирмоқчи экани, бу жиноятлар сони кўпайиши билан изоҳланаётгани хабар қилинганди

Мавзуга оид