Жамият | 17:47 / 24.02.2022
1705
2 дақиқада ўқилади

Сардоба тошқинидан жабрланган фуқарога ер олиб беришини айтиб пул олган маҳалла раисига ҳукм ўқилди

Маҳалла раиси Сардоба тошқинидан жабр кўрган фуқарога туман ҳокимлигида ишлайдиган танишлари орқали ер участкаси олиб беришини айтиб, ундан 300 доллар олган.

Фото: Рамиз Бахтияров

Олий суд матбуот котибининг хабар беришича, Сирдарё вилояти Оқолтин тумани “Саховат” МФЙда яшовчи Б.Д.нинг яшаш хонадонига Сардоба сув омбори тўғони ёрилиши оқибатида жиддий зарар етган.

У яшашга шароити йўқлигини МФЙ раисига келиб маълум қилиш билан бирга ундан уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратишда кўмак сўрайди.

МФЙ раиси Ш.Б. эса ер участкасини ажратиш ўзининг ваколати доирасига кирмаса-да, фуқарога ваъда берган. Унга туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали ер ажратишда ёрдам беришини, эвазига пора бериш кераклигини маълум қилган.

2020 йил июль ойида Оқолтин тумани, “Саховат” МФЙда жойлашган дала шийпонида раис Б.Д.дан 300 доллар пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Аммо айтилган ишни ҳал қилмай, маблағни ўзининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Шундан сўнг, икки карра жабрланган фуқаро бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига маълум қилган ва раисга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳолат юзасидан ўтказилган суд мажлисида айбланувчи Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди, 28, 211-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилган.

Уни Жиноят кодексининг 45, ҳамда 59-моддаларига асосан 3 йил муддатга маҳалла раиси ва маҳалла идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 2 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинлаган.

Мавзуга оид