Спорт | 15:47 / 25.02.2022
20577
1 дақиқада ўқилади

УЕФА ЕЧЛ финали Санкт-Петербургдан Парижга кўчирилишини эълон қилди

Фото: AP

Россиянинг Украина ҳудудига бостириб, ҳарбий ҳаракатлар бошлагани ортидан УЕФА жорий йилги Чемпионлар лигаси финали мезбонлигини Санкт-Петербургдан олиб қўйишга қарор қилди.

Россия ва Украина ўртасидаги сиёсий вазият сабабли УЕФА ижроқўми 25 февраль куни навбатдан ташқари йиғилишида ЕЧЛ финали мезбонлиги Санкт-Петербургдаги «Газпром Арена» стадионида ўтказилмаслигини эълон қилди. Ташкилот финал 28 май куни Париждаги «Стад де Франс» стадионида ўтказилишини тасдиқлаган.

Чемпионлар лигаси финали 28 май куни «Газпром Арена»да ўтказилиши режалаштирилган эди. Аввалроқ, Россия Премьер-лигаси 19-тури қолдирилиши ҳамда Украинада чемпионат тўхтатилгани ҳақида эълон қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни эрталаб Владимир Путин Донбассда махсус ҳарбий операция бошланганини маълум қилгач, Россия Украинага қарши уруш очди.

Мавзуга оид