Европада бир қарич ер учун курашлар фақат ва фақат спорт майдонларида бўлиши кераклигини тарғиботи ўлароқ, бу ҳафта ҳам эътиборингизга бир қатор катта ўйинларни тайёрлаб қўйган. Испанияда Класико ва Андалусия дербиси, Англияда Ливерпуль ва Манчестернинг навбатдаги тўқнашуви, Италияда эса чемпионликни ютқазиш мусобақаси давом этади.

26 февраль (шанба)

ЭВЕРТОН – МАНЧЕСТЕР СИТИ

Ўйин бошланиш вақти: 22:30

ТВ-трансляция: UzReportTV

«Эвертон» ва «Манчестер Сити» ўртасида қизиқ тенденция бор – аслида ливерпулликлар «Сити»га қарши анча муносиб рақиб ҳисобланишади, масалан, ўтказилган охирги 25 ўйиннинг 11тасида мағлубиятга учрамасликнинг уддасидан чиқишган. Лекин бошқа томондан «Сити» айнан «Ливерпуль» билан чемпионлик курашига киришган мавсумларда «Эвертон» ҳеч қандай жиддий қаршиликсиз мағлубиятга учрайверган. Буни ҳатто икки Ливерпуль клуби ўртасидаги зиддият билан боғлашади ҳам. Сўнгги йилларда эса Гвардиола шогирдлари натижа борасида яққол устунлликка эга. Барча мусобақалардаги охирги 9 ўйин «Сити»нинг ғалабаси билан якунланган. «Эвертон» сўнгги ғалабасини 2016 йилда, Гвардиоланинг мураббий сифатида «Гуддисон»га илк сафарида рўй берганди – 4:0.

«Сити»нинг «Тоттенҳэм»га учралган мағлубиятидан сўнг, «Ливерпуль» вазиятдан усталик билан фойдаланди ва ҳафта ўртасида «Лидс»ни мағлуб этиб, ўртадаги фарқни 3 очкогача қисқартирди. Демак бир ой олдинги яққол пешқадамликдан асар ҳам йўқ, «Сити» буёғига очко йўқотмаслиги шарт. Зеро икки фаворит ўртасида ўзаро ўйин ҳам бизни кутиб турибди.

Фото: Getty Images

Лэмпард жамоа ўйинини яхшилашга уринаётган, баъзи вазиятларда бу сезилаётган бўлса-да, натижа борасида муаммолар кўп. «Лидс» билан ўйиндаги чиройли ғалабадан сўнг, «Саутҳэмптон»дан оғир, ҳар жиҳатдан мағлубият қабул қилинди. Лигада жон сақлаш учун асосий рақиблар ўша «Лидс», янгиланган «Ньюкасл» ва сўнгги турларда очко тўплашни бошлаб юборган «Бёрнли» эканини эътиборга олсак, Лэмпардга осон бўлмайди. Дарвоқе, «Манчестер Сити» Лэмпард учун Англиядаги сўнгги тўп сурган жамоаси эканини ҳам эсга олиш керак.

Таркибларга келсак, мезбонлар таркибида Годфри, Дейвис ва Мина камида бир ойдан кейин сафга қайтади. Собиқ «ситичи» Фабиан Дельфнинг ҳам тикланиш муддати шунақа. Виталий Миколенконинг майдонга тушиши сўроқ остида. Меҳмонлар сафида эса деярли йўқотишлар йўқ.