Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов вилоят аҳолисига мурожаат қилди. У вилоятда кўчат экиш анъанасини кенг оммалаштириш, ҳудудда яшилликни кўпайтириб, йирик боғлар яратиш таклифини илгари сурган.
Азимов мамлакат бўйлаб Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларга урғу берар экан, айниқса она табиатни асраш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлаган.

“Азал-азалдан кўчат эккан, боғ яратган инсонларга халқимиз алоҳида эҳтиром билан қараб, улуғлаб келади.
Ўз навбатида, баҳор эшик қоқаётган шу кунларда вилоятимизнинг ҳар бир фуқаросининг ён-атрофни хушманзара бўлишига ҳисса қўшишини хоҳлаймиз.
Кўчат экиш, гул-у ниҳолларни кўпайтириш бу – мусаффолик, экологик муҳит софлиги ҳамда она табиатга ғамхўрлик ва инсонийликнинг юксак намунасидир!
Энг муҳими, шу тоза ҳаводан ўзингиз, оила аъзоларингиз, борингки келажакда невара-эвараларингиз нафас олади. Ёнига фарзанди, невараларини олиб кўчат эккан ҳамюртимиз уларга ибрат бўлади, бу қадриятнинг давомли бўлишини таъминлайди.
Агар “экологик муҳит ифлосланди” ёки “бузилди” деб қўл қовуштириб тураверсак, кейинги 5-10 йилликда аҳвол қандай бўлади? Бир ўйлаб кўринг.
Ҳурматли воҳадошлар, азиз ёшлар!
Ҳадиси шарифда бизга ато этилган неъматларни, она табиатни асраб-авайлаш, кўчат экиш, боғ яратиш, иймоннинг ярми экани, экилган ҳар бир дарахтнинг мевасидан ёки соясидан бошқалар баҳраманд бўлса, уни эккан кишига савоб ёзилиши ҳақида айтилади.


Вилоятимизнинг барча ҳудудларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш белгилаб олинган.
Мавжуд 796 та маҳалла ва 13 800 дан ортиқ кўчаларни обод қилиш, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш, боғ барпо этиш, она табиатни асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш бўйича дастур ишлаб чиқилди.














