1979 йил 12 декабрда СССР Сиёсий бюроси Афғонистонга қўшин киритиш ҳақида қарор қабул қилди. 27 декабрь куни Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистондан умумий ҳисобда 32 минг захирадаги ҳарбий хизматчи чақирилиб, жанговар ҳаракатларга тайёрланди. 25-27 декабрь кунларида Афғонистонга кўплаб ҳарбий бўлинмалар олиб кирилди. Маълумотларга кўра, Ўзбекистондан 64 500 нафар йигит афғон урушига жалб қилинган.

Оилада якка-ю ёлғиз фарзанд бўлган Фарғона вилояти Фарғона тумани Хонқиз қишлоғида туғилган Абдулазиз Паттохонов ҳам 19 ёшида, яъни 1986 йилда афғон урушига жўнаб кетади. Уйга қайтишига атиги 21 кун қолганда у афғон жангчилари қўлига асир тушади.

  Абдулазиз Паттохонов афғон жангчилари қўлида асирликда / Фото: www.kandagar.su

Қандаҳор шаҳрига кетаётган машиналар карвони афғонлар пистирмасига тушиб қолади. Фарғоналик аскар бошқариб кетаётган машина нишонга олиниши оқибатида юкхонадаги керосин портлайди. Абдулазиз Паттохонов ёнаётган машина эшигини очиб, ўзини пастликка отади. Сакрамоқчи бўлиб ўзини чуқурликка ташлаганида, тўғри пистирмада пойлаб ётган афғонларнинг устига тушади. Кутилмаган ҳолатдан афғонлар саросимага тушиб дарҳол аскар қўлини боғлайдилар. 105 кун давомида Абдулазиз Паттохонов афғонлар қўлида тутқунликда яшайди. Кейинчалик у совет аскарлари томонидан асир олинган 7 нафар афғон жангчиларига алмаштирилади.

Асирлик дамлари / Фото: www.kandagar.su

Kun.uz мухбири афғонлар қўлида асирлик азоб-уқубатини тортиб, бошидан кўп мусибат ўтган Абдулазиз Паттохонов билан суҳбатлашди. У Афғон диёрида бошидан ўтган воқеаларни ҳикоя қилиб берди... 

Афғонга кетиш...

«Оилада якка-ю ёлғиз фарзандман. Ота ва онам билан бирга яшар эдик. Мактабни тамомлаб, 1985 йилда ДОСААФда 3 ой ҳайдовчиликка ўқиганмиз. ДОСААФни битирганимдан кейин 1986 йилда армияга чақирилдим. “Майский призив” бўлиб бордик. Фарғона вилоятидан 45 нафар бола хизматга чақирилганмиз. Термизга қараб кетдик. Армияга кетишдан аввал Германияга кетаётганимизни айтишган эди. Шундай қилиб Термиз шаҳрида ҳарбий тайёргарлик ўтадик. Афғонистонга кетаётганимизни ана ўшанда билдик.