Ҳурзада Реймқулова Қорақалпоғистоннинг олис Тахтакўпир туманида туғилган. Қиз бола бўлишига қарамай, ёшлигидан ҳарбий, ички ишлар органлари соҳасига қизиққан. У ҳозирда Тахиатош тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимида ишлайди. Подполковник унвонига эга.

Ҳурзада Реймқулова ИИВ академиясидан бир эмас, икки эмас, нақ 5 марта йиқилган. Шунга қарамай, мақсадига етишиш йўлида ортга чекинмади. Соҳага қизиқиши сабаб, у бу йиллар мобайнида ИИВ академиясида оддий фаррош бўлиб ишлади. Яшаш ва ўқишга тайёргарлик учун пул етмагани сабаб тунги соат 22:00 дан кейин мактабларнинг полини ювишига ҳам тўғри келди.

«Соҳага қизиқиш шу даражада бўлдики, ҳатто академияда фаррошлик қилдим. Бу хизматим учун ойига 17 минг сўм олардим. Тахтакўпирдан, онамдан ойига фақат 10 минг сўм келарди. 27 минг сўм Тошкентда яшашга етмасди. Шундан кейин ёнимдаги дугонам билан қўшимча иш топишга қарор қилдик. Тунги соат 22:00 дан кейин мактабларнинг полини ювардик. Бу ишимиз учун ойига 5 минг сўмгина олардик. Шундай қилиб, бир ойда 32 минг пул билан Тошкентда яшаганмиз. Бу пулларнинг 7 минг сўмини ижарага, қолганини озиқ-овқат учун ишлатардик», — дейди у.

Ҳурзада тенгқурлари орасида турли хил гап-сўзлар қайтанга унга куч берганини, академиядан йиқилган йиллари қишлоғидаги синфдошлари айтган камситишлар мотивация берганини айтади. Ҳар доим ўрнидан туришга бир воқеа сабаб бўлганини таъкидлайди.

«Қишлоғимиздаги қўшни йигитнинг айтган гаплари ҳалиям эсимдан чиқмайди. Академияга қандай қизлар топширади?! Ҳой, академияга топширмоқчи экан қизлар, деган сўзларни эшитганман. Шу пайтда, албатта, шу соҳага кираман, деб мақсад қўйганман. Вақти келиб ўша йигит билан учрашиб қолганмиз. У ҳозир мендан қаттиқ уялади. Иши тушиб келган вақтлари ҳам бўлди. Барибир мен уларга раҳмат айтаман. Агарда ўша вақтда шу айтган камситишлари бўлмаганда эди, мен бу даражага эриша олмасдим», — дея эслайди қаҳрамонимиз.