Ўзбекистон | 14:20 / 09.03.2022
17105
2 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» Тошкент шаҳрида кучли ёмғир ва шамол кутилаётганидан огоҳлантирди

Гидрометеорология хизмати маркази шошилинч ахборот билан чиқди.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида яқин 2 соат ичида кучли момақалдироқ билан ёмғир ёғиши, шунингдек шамол тезлиги 12-14 м/с кучайиши кутилмоқда. 

“Сизлардан эҳтиёт чораларни кўришларингизни сўраб қоламиз”, дейилади маълумотда.

Ҳайдовчилардан тезлик меъёрига риоя қилган ҳолда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиш, зарурат бўлмаса ушбу вақт оралиғида автомашинада ҳаракатланишни имкон қадар чеклаш сўралган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучли шамол вақтидаги хавфсизлик чораларини эълон қилди:

  • яшаш жойларида эшик-деразалар, чордоқ ва ҳаво айланиш тизимларини маҳкам беркитиш;
  • электр ва газ воситаларини ўчириш;
  • кўчаларда дарахт ва электр устунлари тагида турмаслик;
  • кўп қаватли бинолар балконларида, дераза токчалари ҳамда ташқаридаги буюмларни имкон қадар хавфсиз жойларга олиб қўйиш ёки мустаҳкамлигини текшириш;
  • шамол кучайганда, мустаҳкам қурилган бинолар, ер ости ўтиш йўллари ва бошқа яшириниш мумкин бўлган жойларда муҳофазаланиш;
  • очиқ майдонда юрган ҳолларда пастликлар, чуқурликлар ва барча хавфсиз ерларга ётган ҳолда ҳимояланиш;
  • бузилган биноларга кириш тақиқланади, хавфли устунлар, реклама устунлари ва дарахтлар ортига яшириниш мумкин эмас;
  • кучли шамолдан сўнг электр ва газ жиҳозларидан улар текширилгандан кейин фойдаланиш талаб этилади.

Мавзуга оид