14:10 / 14.03.2022
47776

Маст ҳолда рулга ўтирганлар 5 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин

Амалдаги қонунчиликка кўра маст ҳайдовчилар 1,5 – 3 йилгача муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Фото: somanyhorses.ru

Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган ҳужжатларга кўра, маст ҳолда автомобиль бошқарганлик учун 5 йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Бу ҳақда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ бошлиғи Олимжон Саидов Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.

«Айни пайтда 8 та норматив ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, иккита қонун, битта президент қарори ҳамда тўртта ҳукумат қарори лойиҳалари тайёрланмоқда. Хусусан, «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш ва ўлимлар ҳолатини кескин камайтириш тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқиляпти.

Унга кўра Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига маст ҳолда машина ҳайдаганлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 5 йил муддатга маҳрум қилишни кўзда тутувчи ўзгартириш киритилиши кўзда тутилган. Амалдаги тартибга кўра транспорт воситаларини алкоголли ичимлик, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарган ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил-у олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилинади.

Шу билан бирга маст ҳолда рулда ўтирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солиниши қатъий белгиланмоқда. Амалдаги жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараварини ташкил этади», дейди Олимжон Саидов.

Унинг қўшимча қилишича, маст бўла туриб тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати қатъий 3 йил этиб белгиланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Самарқанд вилоятида 12 мингта, Тошкент вилоятида 8,5 мингта, Фарғона вилоятида 7,5 мингта ва Тошкент шаҳрида 7 мингта ҳолатда машина маст ҳолда бошқарган ҳайдовчилар аниқланган.

11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев «қўпол қоидабузарларга жазо муқаррарлиги таъминланиши шарт»лигини таъкидлаб, Қонунчилик палатаси ва мутасадди идораларга йўл ҳаракатига оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, тубдан такомиллаштириш вазифасини юклаганди.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилиши, агар ҳайдовчи томонидан 12 ой давомида содир этилган қоидабузарликлар учун ҳисобланган жарима балларининг умумий миқдори 12 баллдан ошса, у транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинишини айтганди.

Унга кўра, ҳайдовчи тезликни оширса – 1 балл, қизил чироқда ўтса – 3 балл ҳисобланади

Top