Ўзбекистон | 18:26 / 16.03.2022
10242
2 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» 7 та вилоятнинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи ҳақида огоҳлантирди

Тоғли ва тоғолди ҳудудларда истиқомат қилувчилар, дам олувчилар ва ушбу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилар, шунингдек, чорва молларини боқувчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралмоқда.

Гидрометеорология хизмати маркази томонидан берилган маълумотга кўра, 2022 йил 17-24 март кунлари кутилаётган вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг сезиларли ўзгаришлари сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи эълон қилинди.

Жумладан:

  • Қашқадарё вилояти: Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод туманларида;
  • Сурхондарё вилояти: Қумқўрғон, Сариосиё, Узун, Бойсун туманларида;
  • Самарқанд вилояти: Қўшработ, Нуробод, Самарқанд, Ургут, Булунғур туманларида;
  • Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал туманларида;
  • Тошкент вилояти: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ тумани ва Чотқол тизмасининг Чимён тоғларида;
  • Наманган вилояти: Поп тумани ва Қамчиқ довони ҳудудида;
  • Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона туманларида қор кўчиш хавфи эълон қилинади.

«Тоғли ва тоғолди ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, дам олиш масканларида дам олувчилар ва ушбу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилар, шунингдек, чорва молларини боқувчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз», дейилади маълумотда.

Аввалроқ кучли ёмғирлар туфайли Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи эълон қилинганди.

Маълумот учун, бир неча кундан буён ёғаётган кучли ёмғирлар туфайли Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида селлар оқмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар кўчаларини сув босмоқда.

Шунингдек, бугун, 2022 йил 16 март куни Сирдарё вилоятида жойлашган Бахт шаҳрининг бир нечта маҳаллаларида аҳоли хонадонларини ва ижтимоий объектларни сув босгани ва оқибатда аҳоли хавфсиз жойларга вақтинча кўчирилаётгани хабар қилинди.

Мавзуга оид