Антимонополчилар Тошкент бозорларидаги аравакашлар фаолиятини тартибга солмоқчи
Фойдаланувчиларга кўра, қўмита бозорлардаги ҳимоясиз аравакашлар билан эмас, Ўзбекистон иқтисодиётини еб битираётган ва одамларни қашшоқлик сари етаклайдиган гигант монополиялар билан курашиши зарур.
Kun.uz мухбири Антимонополия бошқармаси кўтариб чиққан таклиф бўйича Тошкентдаги Эски жўва бозорида фаолият юритаётган аравакашлар фикри билан қизиқди.
«Шу фаолият орқали ҳозир кунига 100-120 минг сўм пул топаман. Аммо унинг ҳам олтмиш-етмиш минггини кунлик харажатларим: араванинг ижараси, овқатланиш ва яшаш уйимнинг ижара тўловига ишлатаман. Оиламга юбора оладиган кунлик тушумим эса 50-60 минг сўм.
Хизматимизга терминалларнинг кириб келиши эса бизга яна бошқа ноқулайликларни олиб келади. Бу бизга янги қийинчилик, уни шароитимиз кўтармайди», - дейди қашқадарёдан келиб ишлаётган Зубайдулла ака.

Билдирилган таклиф бўйича пойтахт бозорларида аравакашлик қилиб оила тебратаётган бошқа юзлаб аравкашлар ҳам айни фикрда.
Улар қишлоқларда иш топиш осон эмаслиги, аравакашлик фаолиятига терминал жорий қилиниши эса пойтахтга иш излаб келганлар аҳволини янада оғирлаштиришидан хавотирда.

Одил ака ҳам аравакашлик орқали Қашқадарёнинг Китоб туманидаги оиласини тебратади. «Ўз уйингга яқин жойда доимий иш бўлса-ку, бундан яхшиси йўқ. Аммо қишлоқда иш йўқ. Шунинг учун бу ердаман.
Бу ердаям осон эмас. Ишга эрталабки 4:00да келамиз ва кеч соат 16:00гача ишлаймиз. 12 соатлик иш.
Бу таклиф бизга «плюсь» эмас, фақат «минус» олиб келади», – дейди у.

Эски Жўва бозорининг арава хизмати раҳбари Аслиддин Азизов ҳам Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 7 март куни бўлиб ўтган сессиясида билдирилган таклифни пастдаги ҳақиқий аҳволни билмай, ўрганмай туриб билдирилган дея ҳисоблайди.

















