Акмал Суюнов Чуст тумани Каркидон шаҳарчасида яшайди. У хурмодан майиз тайёрлаб, мевани кўпроқ муддат сақлаб туриш йўлини топган.

Бунинг учун хурмо махсус дастгоҳда пўстлоғидан ажратилади. Ва очиқ ҳавода қуритилади. Хорижда бундай хурмо майизлари юқори нархга баҳоланади.

Бу фикр унда, Акмалнинг айтишича, Жанубий Кореяда яшаганида пайдо бўлган.

“Супермаркетда хурмо майизини кўриб қолганман. У қиммат, мазаси ширин эди. Наҳотки хурмодан шундай майиз тайёрланса, деб ҳайратланганман ва Ўзбекистонга қайтгач, бу ердаги хурмоларни шундай қуритиб, майиз қилишни ўйлаганман”, – дейди у.

Акмал Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги “Ёшлар академияси” томонидан эълон қилинган “Бўлажак олим” танловида қатнашади ва 335 миллион сўмлик грантни қўлга киритиб, ўз ишини бошлайди. Унинг лойиҳаси – хурмо мевасини пўстидан ажратиб, ипга илиб, кузги офтоб тафтида қуритиш бўлган.

Акмалнинг айтишича, Ўзбекистонда боғбонлар хурмони жуда арзон сотишга мажбур бўлишади, шу сабаб кўплаб хурмо дарахтлари кесиб ташланган.

"Чунки хурмони узоқ вақт асрашнинг иложи йўқ. Лекин бизнинг лойиҳамиз билан мевани сақлаш муддатини узайтириб, бир неча баробар қимматроққа сотишимиз мумкин", – дейди лойиҳа муаллифи.

Тадбиркор йигит мевани пўстлоғидан ажратиб берувчи дастгоҳ тайёрлаган. У 1 дона мевани 3 сонияда пўстидан ажратиб беради. Дастгоҳда олма, картошка ва қизил лавлагини ҳам пўстидан ажратиш мумкин. Кўпроқ миқдорда қизил лавлаги, картошкани қуритиб, чипс қилиш мумкин бўлган жойларда фойдаланса бўлади.

Ҳозир унинг цехида 7та шундай дастгоҳ бор ва  20га яқин мавсумий ишчи ишлайди.

“Хурмони октябр ойларида териб, арчиб илиб қўйгандан кейин, кузги об-ҳавонинг кайфиятига қараб қуёш кўпроқ чиқса, 30-40 кунларда қуритиб, бемалол музлатгичга олиб қўйса бўлади", – дейди у.

Тадбиркор 2021 йил 18 тонна хурмони қуритиб, ундан 5 тонна хурмо майизи олиб, Сибирга экспорт қилганини айтади. Хурмо майизининг маҳаллий бозорлардаги нархи 25-30 мингга тўғри келади.