Андижон машинасозлик институти техника фанлари доктори Акбар Боймирзаев техникалар учун подшипникларни чиқинди металлардан ишлашни таклиф қиляпти. Унинг айтишича, бундай подшипниклар UzAuto Motors ишлаб чиқараётган машиналар таннархининг маълум миқдорда пасайишига таъсир қила олади.

“Чунки шу кунгача подшипник материаллари чет элдан импорт ҳисобига келтирилган. Бизнинг асосий мақсадимиз – маҳаллий шароитда импорт ўрнини босувчи материллар олиш”, – дейди у.
Энг муҳими – Акбар тайёрлаётган подшипниклар иккиламчи, яъни чиқинди материаллардан олинади. Унинг айтишича, бу – логистика харажатларини иқтисод қилишга олиб келади.

“Четдан келадиган подшипник билан солиштирганда, – дейди Акбар, – биз ишлаб чиқаётган материаллар 2 баробар, яъни 50 фоизга харажатларни камайтиради”.
Электр истеъмолига босим ортгани трансформаторларнинг қизиб портлашига сабаб бўлади. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Қўқон филиали талабаси Шавкатжон Худойбердиев бундай портлашнинг олдини оладиган ечим таклиф қилмоқда. У ишлаб чиққан ечим электр трансформаторларни ёнғин ва портлашдан ҳимоя қилади. Бу тизим трансформаторлар ортиқча юкламада қизиб кетганда совитиб туради.

“Яъни трансформатор ички мой каби суюқликлари билан совитилаётганда пўлат корпусига трубкалар орқали фрион юргизамиз. Бу билан трансформатор мойини тўлиқ совитамиз. Тизим тўлиқ автоматлаштирилган”, – дейди у.
Шавкатнинг тушунтиришича, трансформатор қизишни бошлаганда, бу ҳақда термодатчик моторларга хабар беради ва тизим автоматик ишга тушади. Тизим тўлиқ совитилгандан кейин, двигателлар ўзини ўзи ўчиради. Ортиқча юклама тушганда ҳам трансформаторлар тўлиқ ишлашда давом этади. Ва истеъмолчилар тўлиқ узлуксиз электр токи билан таъминланади.

















