АҚШ Украина билан бирга эканини кўрсатмоқчи
Уруш бошлангандан буён Ғарб Украинани ташлаб қўйгани ҳақида кўп гапирилди. Аммо Ғарбнинг ёрдамисиз Украина Россияга қаршилик қилиши қийин бўларди. Америка рус танклари сонидан ҳам кўп Javelin (танк ҳужумига қарши ракета) етказиб беришини айтди, аллақачон бир миллиард долларлик қурол юборди, Европа Иттифоқи ҳам ёрдамни тўхтатгани йўқ. Миллионлаб украинлар айнан Ғарбнинг молиявий кўмаги билан жон сақламоқда.
Америка бу қўллаб-қувватлаш фронтининг олд қаторида турибди. Жо Байден бундан кейин ҳам шундай бўлишини кўрсатиш учун уруш майдони яқинигача борди. Америка армиясининг 82-ҳаво десантчи кучлари дивизияси Польшада Украина чегарасидан 60 км узоқликда жойлашган. Байден чегарагача боришни истагани, аммо қўриқлаш хизмати бу тахмин қилиш қийин бўлган хатарлар келтириб чиқариши мумкин бўлгани учун розилик билдирмаганини айтди.
Аммо факт шуки, АҚШ президенти НАТОнинг энг шарқий қанотига – Украинадаги урушнинг ғарбий фронти яқинигача борди. Қўшимчасига Россия президенти манзилига аввал ҳеч ким тилга олмаган гапларни айтди, Путин ҳукуматда қолмаслиги кераклигини таъкидлади. Байден Варшавада Оқ уй тарихий деб таърифлаган нутқини сўзлаётган бир вақтда чегарадаги Лвов шаҳрига учта ракета келиб тушди. Россия мудофаа вазирлиги ҳам буни тасдиқлади.
Ҳарбийлар билан пицца

Байден америкалик десантчилар билан учрашувда оч қолгани ва тамадди қилиб олишни исташини айтди. Унга ҳарбий ошхонадан пицца олиб келишди. Байден уни ҳарбийлар билан бўлишиб еди ва баҳонада Ироқда ўғлини ҳарбийлар ичидан топа олмагани ҳақида айтиб, аскарларни кулдирди: «Ироқдаги аскарлар билан учрашувда қарасам, ўғлим кўринмайди. Жин урсин, ўғлим қаерда, деб сўрадим. Кейин топилиб қолди. Билсам, бейжигига бошқа исм ёзиб олган экан, шунга топишга қийналишган. Нега бундай қилдинг десам, «Дада, ахир Байден фамилиясини эшитганлар нимадир бўляпти деб ўйлаши мумкин», деганди. Шундай экан, қайсингиздир исмингизни ўзгартирсангиз, бир оғиз айтиб қўйинг», деб ҳазил қилди Байден. Президент америкалик аскарларни дунёда энг зўр деб атади.
Унинг ўғли Бо Ироқдаги урушда қатнашган. 8 йил давомида Делавэр штатида бош прокурор бўлиб ишлаган Бо Байден 2015 йил 46 ёшида саратондан вафот этганди.
«Набираларингиз қандай ҳаётда яшаши ҳал бўляпти»
Байден Польшадаги америкалик ҳарбийлар билан суҳбатлашар экан, айни дамда дунё нафақат Украина тинчлиги учун, балки бутун дунёдаги тинчлик учун бирлашиши кераклигини таъкидлади. «Ҳозир болаларингиз, набираларингиз қандай дунёда яшаши ҳал бўлмоқда», деди у.


















