Ўзбекистон | 07:53 / 28.03.2022
5911
2 дақиқада ўқилади

Тошкент инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон 7,8 млрд долларлик шартнома ва битимларни имзолади

Пойтахтда 1-Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) ўз ишини якунлади. Тадбир 2 мингдан ортиқ иштирокчиларни – жаҳоннинг 56 мамлакатидан йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонларни бирлаштирган бизнес дунёсидаги муҳим воқеага айланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, форум доирасида Савдо, иқтисод, инвестициялар, техника, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳукуматлараро комиссия 5-йиғилиши, “Саноат кооперацияси. Янги имкониятлар” Ўзбекистон-Хитой инвестициявий форуми, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари раҳбарлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар иштирок этган Ўзбекистон учун “мамлакат платформаси” бўлиб ўтди. 

Форум якунлари бўйича 7,8 млрд долларлик аниқ шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди. Шунингдек, қиймати 3,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

“ТХИФ ўзини минтақалараро ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун кенг кўламли мулоқот платформаси сифатида намойиш этиб, мамлакатлараро ва минтақалараро инвестициявий ва ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг кучли катализаторига айланди”, дейилади хабарда. 

Форум Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилиш, минтақа тадбиркорлари ва хорижий ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатиш мақсадида уларни қизиқтирган йўналишларни кашф этиш учун доимий майдончага айланиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид