Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг саволига жавобан идоранинг 33 яшар ходими марҳум Самир Раҳмонов иш жойида вафот этгани ҳақидаги иддаоларни рад этди.
“Бош прокуратура ходими Самир Раҳмонов ишхонада эмас, кўп тармоқли касалхонага олиб борилганда ўлгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ходимлари касбий малакасини ривожлантириш маркази томонидан хулоса берилган. Бу биринчиси.
Иккинчидан, ишни кўриб чиқишни тугатиш ҳақида 2022 йил январда чиқарилган суд қарори бор. Чунки даъвогар марҳум Самир Раҳмоновнинг отаси вафот этган. Бу қарор ҳали кучда, ҳеч ким уни муҳокама қилгани ҳам йўқ, бекор қилгани ҳам йўқ.
Суд-тиббий экспертизадан ўтказиш учун мурдани ёриб кўриш керак. Марҳумнинг отаси бунга розилик бермаган ва бу ҳақда тилхат ёзиб берган”, дея таъкидлаган Светлана Ортиқова.
Бош прокурор ўринбосарига кўра, экспертиза хулосасида ҳам Раҳмоновнинг ўлими хизмат билан боғлиқ эмаслиги қайд этилган.

“Маънавий зарар ундириш Фуқаролик кодексининг 1021-моддасида акс этган. Маънавий зарарни аниқлашда уни етказувчининг айбини тасдиқлаш керак. Жиноят иши терговолди суриштирув натижасида ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига, яъни жиноят таркиби мавжуд эмас деб топилган. Шунга кўра Раҳмоновнинг ўлимида Бош прокуратуранинг айби йўқ.
Хизмат билан боғлиқ ўлим дейиш учун юз берган ўлим ҳолатининг хизмат билан боғлиқ жойи бўлиши керак. Бу қонунни мен ишлаб чиққаним йўқ, лекин мен унга итоат қилишга ва бажаришга мажбурман. Экспертиза ҳам Раҳмоновнинг ўлими хизмат билан боғлиқ эмас деган хулосага келган. “Прокуратура тўғрисида”ги қонуннинг 50-, 56-моддаларига асосан марҳумнинг ўзи ва унинг оила аъзолари ҳимояга олинган ва етарлича моддий ёрдам кўрсатилган”, дейди у.
Матбуот анжуманида Светлана Ортиқова Бош прокуратура томонидан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2022 йил 28 мартдаги марҳум Самир Раҳмоновнинг оиласига 951 275 952 сўм миқдорида бирйўла тўланадиган нафақа пули тўлаш ва Бош прокуратурадан 20 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундириш ҳақидаги ҳал қилув қарорига нисбатан протест киритилиши ёхуд Олий судга такроран кассация киритилиши мумкинлигини истисно этмаган.




















