Ўзбекистонда туман (шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилди.

Мазкур дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима суммасининг 30 фоизи бевосита туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига йўналтирилади.

Бу маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг қўшимча штатларини киритишга сарфланади. Бу – 4 апрел куни имзоланган президент қарорида кўзда тутилган.

Қарорга асосан, автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш, бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси ва унинг ҳудудий махсус комиссиялари тузилди.

Махсус комиссиялар зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилди:

  • йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ишончли ҳимоя қилиш, йўл инфратузилмасининг хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб беришини таъминлаш;
  • ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини мунтазам равишда баҳолаб бориш, ушбу соҳада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг самарали фаолият кўрсатишини назорат қилиш;
  • йўл-транспорт ҳодисалари сабабларини чуқур ўрганиш, йўлларнинг хавфли авария участкалари рўйхатини тасдиқлаш орқали келгусида уларнинг олдини олиш юзасидан илмий асослантирилган таклифлар тайёрлаш тизимини яратиш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, инсон омили ва коррупция ҳолатларини истисно этувчи автоматлаштирилган назорат тизимларини оммалаштиришга доир тадбирларни белгилаш;
  • ҳудудларда йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг сонини қисқартириш бўйича дастурлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш ва келишиш.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари махсус комиссияларнинг ишчи органи ҳисобланади. Ишчи органлар мунтазам равишда тегишли давлат органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишларини таҳлил қилиб боради ва махсус комиссияларнинг йиғилишларида муҳокама қилиш учун ҳужжатларни тайёрлайди.