Ўзбекистон | 07:29 / 05.04.2022
3332
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда барча йўллар пиёдалар ва ҳайдовчилар учун хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда тоифаларга ажратилади

Фото: Kun.uz

Президент “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳудудларда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ҳолатини баҳолаш ва бу борада маҳаллий ҳокимият органлари масъулиятини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 июлдан бошлаб, республиканинг барча туман (шаҳар)лари кесимида “Хавфсиз йўл” индексини юритиш амалиёти йўлга қўйилсин.

Белгиланишича:

  • индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати махсус комиссиялар томонидан 29 та индикатор бўйича ҳар чорак якунида баҳолаб борилади;
  • туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади;
  • индексни юритиш вазифаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари зиммасига юкланади.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда етакчи илмий ташкилотлар, олимлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда, индексни юритиш методологияси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминлайди.

Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

йўл ҳаракати хавфсизлигини ишончли таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш мақсадида “Умр тезликдан муҳимдир” ва “Хавфсизлик камари – ҳаёт гарови” шиорлари остида комплекс тарғибот ва ташвиқот ишларини ташкил этади;

бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутган ҳолда, ўқувчилар орасида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтиришга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳасини киритади:

“Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади” шиори остида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий-кўргазмали тарзда ўргатиш, уларнинг онгига болалигидан бошлаб йўл ҳаракати интизомини сингдириш;

мактабларда “Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари”ни, маҳаллаларда “Йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари”ни ташкил этиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид