Боку ва Ереван икки мамлакат ўртасида тинчлик шартномаси тайёрлашга келишиб олди. Бу ҳақда Европа кенгаши раиси Шарл Мишел маълум қилди.
Унинг баёнотида айтилишича, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян "тезроқ тинчлик келишувига эришиш ниятини билдирди" ва ташқи ишлар вазирларига шартномани тайёрлаш топшириғини беришга келишиб олди.
6 апрел куни Брюсселда икки мамлакат етакчилари учрашув ўтказди.
Учрашувда Алиев ва Пашинян Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги коммуникация инфратузилмасини тиклаш масаласини ҳам муҳокама қилди.
"Президент Мишел темирйўлларни тиклаш бўйича қадамларни олқишлади ҳамда Арманистон ва Озарбойжонни автомобил йўлларини ҳам тиклаш бўйича самарали ечим топишга чақирди", - дейилади Европа кенгаши президенти баёнотида.

















