Нилуфар Омонова – 20 ёшда, Самарқанд шаҳрида IT'га ихтисослашган ўқув маркази очган, параллел равишда СамДУ талабаси. Ҳали жуда ёш бўлишига қарамай аллақачон бизнес бошлаб, даромад кўраётган тадбиркор қиз ўзининг таълимига рағбат берган ота-онаси учун яхши шароитлар қилиб беряпти. Дадасига машина совға қилган, Жомбой туманида қишлоқ шароитида яшаётган оиласини шаҳардан уй олиб, кўчириб келмоқчи.
“Микрофон – қизларда” рукнининг бу сонида Нилуфар Омонованинг дастурлашни ўрганиши ва бу йўналишда ўз бизнесини бошлашигача бўлган ҳикоясини тақдим этамиз.
“Қўй-мол боқиб катта бўлганман, ўшанда биринчи марта пул топганман”
Оилада 3 фарзандмиз: мен тўнғичиман. Мактаб вақтлари дарсдан сўнг оиламга ёрдам бўлиши учун мол боқишга чиқардим. Параллел университетга кириш учун мол боқиш жараёнида китоб ҳам ўқирдим. Бир-икки марта молларим далага тушиб кетганида, мен билан бирга мол боқадиганлар “Ўқиб ким ҳам бўлардинг”, деб устимдан кулишган. Ўшанда хафа бўлиб, дадамга бошқа мол боқмайман, деб айтганман.
Дадам эса менга “Агар молларни боқсанг, сут-қатиғини сотган пулинг ўзингга бўлади”, деганди. Шундан сўнг қизиқиб, молларимни даладан тўйдириб келадиган бўлдим. Олдинлари молнинг сут, қатиқ, сузмасини яқиндаги дўкон, ошхоналарга сотиб келиб, пулини онамга берардим. Энди эса ўзимда қоладиган бўлди. Ўшанда 8-9-синфларда ўқирдим, биринчи марта 50 минг сўмча биринчи маблағимни ишлаб топганман. Мактабда энг бой ўқувчилардан эдим. Бирор китоб керак бўлса, қўшимча дарсларга ўзимнинг пулим бўларди.
Вақт ўтиб бу йўналишда ҳам рақобат пайдо бўлди. Мен сут-қатиқ, сузмани сотаётганимни кўрган маҳалла қизлари ҳам мен олиб борадиган дўкон, ошхоналарга маҳсулотларини олиб бора бошлади. Ўшанда харидорларда танлов юзага келиб, меникини олмай қўйган пайтлар ҳам бўлди.
Ўшанда мен қандай қилиб маҳсулотимни сота олишим ҳақида интернетдан маълумотлар излай бошладим. Ва ҳаммадан фарқли – олиб борадиган сузмамни целлофан пакет билан ўрайдиган бўлдим ва бу фойда берди. Бу менинг маркетинг бўйича эгаллаган биринчи билимим эди.

“Талабаликда дўконда ишладим”
Ўқишга киргунча шу тарзда ўқиб уйдагиларга ёрдам бердим ва мактабни битириб, Ўзбекистон Миллий университетига контракт асосида ўқишга кирдим. Ўшанда биринчи марта Тошкентга келдим. Дастлаб, мослашишим қийин бўлган: катта шаҳар, уйдан узоқлашмаганман.
















