Жаҳон | 17:45 / 14.04.2022
25059
2 дақиқада ўқилади

Келиб чиқиши ўзбек бўлган 3 нафар аёл Россияга қарши санкциялар рўйхатига киритилди

Алишер Усмоновнинг опаси ва синглиси, шунингдек, Алфа банкнинг асосий акциядори Михаил Фридманнинг ёрдамчиси сифатида қайд этилган Нигина Заирова Буюк Британия санкциялар рўйхатига киритилди.

Фото: EPA

Буюк Британия Россияга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Янгиланган рўйхатга 206 нафар тадбиркор, сиёсатчи ҳамда уларнинг оила аъзолари қўшилган. Эътиборли жиҳати санкцияга тушганлар орасида келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган 3 нафар аёл ҳам бор. Улар:

Гулбаҳор Исмоилова – этник ўзбек мультимиллиардери Алишер Усмоновнинг опаси. У Ўзбекистонда туғилган, айни пайтда эса Россия фуқароси ҳисобланади. 2022 йил 2 март куни Германия ҳукумати Европа Иттифоқи санкциялари туфайли Алишер Усмоновнинг “Дилбар” номли яхтасини хатловга олгани ҳақида хабар берилганди. Маълум қилинишича, қиймати 600 миллион долларлик ушбу яхтанинг ягона эгаси сифатида Гулбаҳор Исмоилова рўйхатга олинган. Унинг ЕИ ва Буюк Британиядаги активлари музлатилиб, ушбу мамлакатларга кириши тақиқланмоқда.

Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиевага нисбатан ҳам санкция қўлланилган. Аввалроқ, Швейцариянинг кредитлар бўйича иккинчи йирик Credit Suisse банкидан сизиб чиққан ҳисоб маълумотларида унинг номига 2004 йилдан бери умумий ҳисобда 6та ҳисобрақам очилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Кейинроқ бу маълумотлар Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати томонидан инкор қилинди.

Нигина Заирова – Ўзбекистон фуқароси. Россия Алфа банкининг асосий акциядори Михаил Фридманнинг ижрочи ёрдамчиси сифатида қайд этилган. Унинг санкцияларга тушишига асосий сабаб сифатида Фридманга қарши қўлланилган санкциялардан кейин унга тегишли 3та активнинг (Athlone House Ltd, Reashon Holding Ltd ва Reashon Ltd) Заирова номига ўтиб кетганлиги кўрсатилган.

Мавзуга оид