Украинада Россия томонидан бошланган уруш кўплаб давлатлар иқтисодиётига сезиларли салбий таъсир қилмоқда. Сўнгги ҳафталарда халқаро молия ташкилотлари хусусан Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий ўсишига оид прогнозларни сезиларли пасайтирди.

Европада тикланиш ва тараққиёт банки 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши бўйича прогнозини 6 фоиздан 4 фоизга, Жаҳон банки 6 фоиздан 3,4 фоизга, Халқаро валюта жамғармаси 6 фоиздан 3-4 фоизга, Fitch рейтинг агентлиги 5,5 фоиздан 3,1 фоизга пасайтирди.

Шу йил 31 мартдан 13 апрелгача Тошкентда бўлган Рон ван Руден бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистон томони билан маслаҳатлашувлардан сўнг ўзининг якуний баёнотини эълон қилди.

Глобал тенденцияларнинг таъсири

Ҳисоботда ёзилишича, Ўзбекистонда пандемия даври нисбатан муваффақиятли кечган. Етарли захиралар ва олтин баҳосининг ошиши ҳукуматга пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш имконини берган. 2020 йил охирида бошланган иқтисодий тикланиш 2021 йилда ҳам давом этган ва ўсиш 7,4 фоизгача тезлашган. Глобал озиқ-овқат ва хомашё нархларининг босими инфляцияни оширган, аммо нисбатан қаттиқ пул-кредит сиёсати сабаб бу кўрсаткич 2021 йил охирига келиб 10 фоизгача пасайган.

“Пандемиянинг таъсири камайган бир пайтда Украинадаги уруш ва Россияга жорий этилган санкциялар янги ноаниқликни келтириб чиқарди ва Ўзбекистон иқтисодиётининг истиқболларига салбий таъсир кўрсатди. Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги, шунингдек, пул ўтказмалари ҳамда энергетика ва тоғ-кон саноатидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун асосий манба ҳам ҳисобланади.

Савдодаги узилишлар, ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва глобал молиявий шароитларнинг кескинлашиши мамлакат ривожланишига қўшимча тўсиқларни келтириб чиқаради. Ўзгарувчанлик ва ноаниқлик бирмунча вақт юқори бўлиб қолиши кутилмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Кутилмалар

Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда 2022 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши илгари прогноз қилинган 6 фоиз даражасида эмас, балки 3-4 фоизгача бўлиши мумкин.

Пул ўтказмаларининг қисқариши умумий импортнинг камайиши ва товарлар экспортидан келадиган даромадларнинг ошиши билан қисман қопланиши кутилмоқда.

ХВЖ экспертларига кўра, глобал озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг кескин ўсиши туфайли Ўзбекистондаги инфляция жорий йил 12 фоизни ташкил этиши мумкин.