Украина-Россия можароси фонида Ўзбекистонга Россия ва Беларусдан айти мутахассислар оқими кучайди. Бугун, 14 апрел куни президент ҳузуридаги йиғилишда маълум қилинишича, йил бошидан бери хориждан 3 мингга яқин IT мутахассис келган.

Kun.uz Тошкентдаги IT-паркда бўлиб, россиялик ва беларуслик мутахассисларнинг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларини тинглади.

“Давлат мактабларида бир синфда 40-45 талаб бола ўқиркан, буни билиб қўрқиб кетдим”

Максим Белов, EPAM Systems катта дастурий муҳандиси:

— Бошида ишимни Беларусда бошлаганман. 4 йилдан кўпроқ вақтдан бери EPAM айти компаниясида ишлайман. Илгари дастурчи сифатида ишлаган бўлсам, энди йирик халқаро компания лойиҳаларида менежер сифатида фаолият юритяпман.

Мен оилам учун тинч жой топиш муаммосини ҳал қилишим керак эди, феврал ойи охирида буни ҳал қилдим ва Тошкентга келдим. Тинч яшаш ва фарзандларим тинч ўқиши учун яхши жой керак эди, мен Ўзбекистонни билардим, бу ерда бир йилдан ортиқроқ вақт давомида яшаганман. Ўша вақтда ўзбекистонлик дастурчилар билан танишганман. Бир йилдан зиёд ўзбекистонликлар билан ишлаганман.

Олдимда тезда Полша ёки Ўзбекистондан бирини танлаш мажбурияти турарди ва мен Ўзбекистон яхши жой деб ҳисоблаб уни танладим. Чунки бу ерда менда маданий адаптация бор эди, бу ерда рус тилида гапираман, 10 фоиз болалар рус мактабларида ўқишади, болаларим аллақачон хусусий рус мактабларида ўқишни бошлашди.

Давлат мактабларини ҳам кўрдик, шунчаки давлат мактабларида бир синфда 40-45талаб болалар ўқишаркан. Мен, очиғи, қўрқиб кетдим ва болаларимни баланс нормал бўлган хусусий мактабга бердим.

Бу ерга келишдан олдимизга иккита мақсад қўйганмиз. Биринчиси – Python дастурлаш тилини Ўзбекистонда кенг ўргатиш. Иккинчиси – PAN курсларни йўлга қўйиш. Биз охирги чоракда рус ва инглиз тилларида ўргатувчи иккита foundation – ўқув курсларини йўлга қўйишга улгурдик.

Келажакда бундан ҳам қизиқарли тадбирларни режалаштирганмиз. Компаниямиз, бўлимимизнинг ва менинг мақсадларимиз бир, яъни бу ерда Python'ни ривожлантириш.

Юртингиз, айниқса Тошкент мени яхши маънода ҳайратлантирмоқда. Бир-бирига меҳр-оқибатли одамлар экан. Яқинда турмуш ўртоғим фарзандимни кўчада айлантириб юрганда бехосдан болам йиқилиб тушди. Март ойи – ёмғирли об-ҳаво эди. Шунда атрофдаги ҳамма ёрдамга келди. Кимдир салфетка билан, кимдир қўлидаги сочиқ билан болани артинтирган, кимдир ҳол сўраган. Бўлмаса, ҳаво унақа совуқ эмас эди.