Фото: president.kg

Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари Ўзбекистон Қирғизистоннинг ўта муҳим ташқи сиёсий ва стратегик ҳамкори эканини тасдиқлади.

«Икки қардош халқни кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, умумий тарих, маданият, анъаналар, тил ва маънавий қадриятлар боғлаб туради. Шу муносабат билан Садир Жапаров Ўзбекистон билан давлатлараро муносабатлар ва кўп қиррали ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришга чақирди», — дейилади хабарда. 

Давлат раҳбари жорий йил май ойи охирида президент Шавкат Мирзиёевнинг бўлажак ташрифини мамнуният билан тилга олиб, Қирғизистон-Ўзбекистон олий даражадаги музокаралари қардош мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳаларида янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди. 

Шу билан бирга, президент Садир Жапаров Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг очилишини қутлаб, фаолияти икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашишини таъкидлади.

Ўз навбатида Сардор Умрзоқов давлат раҳбарига Қирғизистонга жавоб ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида мамлакат президенти топшириғи билан Бишкекка келганини маълум қилди. 

Бундан ташқари, у ўзбек-қирғиз муносабатлари ҳамда яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик руҳида ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Умрзоқов, шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.