Россиянинг чегарадаги регионларида сўнгги кунларда террористик хавфнинг «сариқ даражаси» эълон қилинган, ҳудудий нашрлар бу областларда камида бир неча жиддий ҳодисалар ҳақида хабар берган. Бу эса уруш Россия ҳудудига кўчиши мумкинлиги тўғрисидаги гапларни келтириб чиқармоқда.

«Қайноқ нуқтада хизматдаман. Қирқ дақиқа давомида тинчимиз бўлмади. Шундай яшаяпмиз. Павильон бузилган, том элак бўлиб кетган», дея 14 апрел тонгида Брянск областидаги Климово посёлкасида яшовчилар аҳоли пункти яқинида рўй берган портлашлар ҳақида хабар беришди, бу вақтда ижтимоий тармоқларда осмонга қора тутун ўрлаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Кейинроқ Украина билан чегарадаги «Новие Юрковичи» назорат-ўтказиш пункти ўққа тутилгани маълум бўлди, россиялик чегарачилардан бири пунктга зарар етгани акс этган видеони интернетга жойлаштирди. Брянск области губернатори Александр Богомаз аниқлик киритишича, назорат-ўтказиш пунктидан ташқари Климово посёлкасига ҳам зарба берилган. Ҳужум натижасида етти киши яралангани, уларга тиббий ёрдам кўрсатилгани, камида икки уй вайрон бўлгани айтилган.

Бир неча соат ўтиб Белгород области губернатори Вячеслав Гладков Украина ҳудудидан туриб Грайвороновский шаҳар округидаги Сподарюшино посёлкасига зарба берилгани ҳақида хабар тарқатди. Област расмийлари хабарида бу ҳужум оқибатлари бўйича тафсилотлар келтирилмаган.

Шу кунларда Россия мудофаа вазирлиги агар Украина Россия ҳудудига диверсия ва зарбалар беришни бас қилмаса, Киевдаги қарор қабул қилиш марказларига зарба берилиши билан таҳдид қилганди.

Украина ҳукумати аввалроқ, уларнинг маълумотларига кўра, Россиянинг чегарадош ҳудудларида провокациялар уюштирилиши, Москва буни «РФ ҳудудида Украинага қарши жазава уйғотиш» учун Украина ёки украинпараст «террорчилар» билан боғлаши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирганди.

Белгород, Курск, Кубань, Брянск

Россия ҳудудига илк снарядлар март ойи охирларида, Россиянинг Украинага босқинидан бир ой ўтиб учиб кела бошлаганди. 23-24 март кунлари Россиянинг Украина билан чегарадош ҳисобланган Белгород областининг жанубида жойлашган Журавлёвка қишлоғида портлашлар рўй берди. Маҳаллий расмийлар фавқулодда ҳолат эълон қилишган ва Белгороддаги икки қишлоқ - Журавлёвка ва Нехотеевкадан 178 кишини эвакуация қилган.