Покистон ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон ҳукуматидан покистонлик чегарачиларга ўқ узилишини тўхтатиш ва икки давлат чегарасидаги хавфсизликни таъминлашга чақирди.
"Охирги бир неча кунда Покистон-Афғонистон чегарасида Покистон хавфсизлик кучларига Афғонистон ҳудудидан ҳужум қилиниши ҳолатлари юз берди", - дейилади Покистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Қайд этилишича, террорчилик гуруҳлари, хусусан, "Таҳриқи Толибон Покистон" ҳаракати жангарилари Покистон чегара постларига ҳужум қилишда давом этмоқда.
Исломобод Кобулдан Покистон-Афғонистон чегарасидаги хавфсизликни таъминлаш ва Покистондаги террорчиликларга алоқадор шахсларга қарши кескин чоралар кўришга чақиради, дейилади баёнотда.
Ўтган жума куни Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари Афғонистоннинг Ҳўст ва Кунар вилоятларига авиазарбалар берди. Натижада 40дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
Авиазарбалар берилиши ортидан Покистоннинг Кобулдаги элчиси Афғонистон ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

















