Ўзбекистон | 16:49 / 19.04.2022
11046
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда солиқчи вилоят ҳокимига биринчи ўринбосар бўлди

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Алишер Қодиров вилоят ҳокими биринчи ўринбосарига айланди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Алишер Абдулаҳатович Қодиров Қашқадарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Алишер Қодиров 1975 йил Қарши шаҳрида туғилган.  1994 йилда Самарқанд молия техникумини, 2004 йилда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтини, 2009 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Солиқ хизматининг I даражали маслаҳатчиси.

У меҳнат фаолиятини 1992 йилда Қарши шаҳар давлат солиқ инспекцияси Солиқ тушумларини жамлаш ва назорат қилиш бўлими давлат солиқ инспекторлигидан бошлаган.

2021 йил июль ойидан буён Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Қайд этиш керакки, Қашқадарё вилояти ҳокимининг аввалги биринчи ўринбосари ҳам солиқчи эди. Муқаддам Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлган Нодир Эркаев 2021 йил апрелида Қашқадарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисод масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди, у 2022 йил 19 апрелида вилоятнинг Чироқчи тумани ҳокими лавозимига ўтказилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид