Ўзбекистонда касаначилар билан ишлайдиган тадбиркорларга 500 млрд сўм ажратилади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Шавкат Мирзиёев раислигида 19 апрель куни ўтказилган йиғилишда касаначиликни ривожлантириш хотин-қизлар, ногиронлиги бор аҳолини иш билан таъминлаш учун яхши имконият эканлиги таъкидланди.

  • Шу муносабат билан, касаначилар билан ишлайдиган тадбиркорларга:
  • оилавий тадбиркорлик дастуридан 500 миллиард сўм йўналтирилади;
  • оладиган кредитлари бўйича Тадбиркорлик жамғармасидан 75 фоизлик кафиллик берилади ҳамда фоиз харажатларининг 10 фоиздан юқори қисми қоплаб берилади.

Касаначиларга эса:

  • ўзини ўзи банд қилган фуқаролар каби фақат ижтимоий солиқ тўлаш имконияти берилади;
  • олис ҳудудда ишлаётган касаначиларнинг дастлабки 1 ойлик иш ҳақи давлат томонидан қоплаб берилади.

Вилоят ҳокимларига ушбу имкониятлардан фойдаланиб йил якунига қадар 100 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш топширилди.