14 апрель куни президентнинг “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармони имзоланди.

2022 йил 1 сентябрга қадар вазирлик, идора ва ташкилотлар тасарруфида бўлган таълим муассасалари негизида 19 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда 141 та ихтисослаштирилган мактаб, 2023 йил 1 июнга қадар Халқ таълими вазирлиги тасарруфида бўлган ва фаолияти тугатилган Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари негизида 5 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда 3 та ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилади.

Билдирилишича, Президент мактабига 5-синф кириш имтиҳонлари иккинчи босқичида иштирок этиб, ўқишга кира олмаган талабгорлар ҳар бир вилоятда ташкил этилган аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактабга ўқиш истагини билдирган тақдирда ариза топширади ва квота доирасида баллар кетма-кетлиги асосида (24 нафари) имтиҳонсиз мазкур ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинади. 

Белгиланган қабул квотасидан ортиқ талабгорлар битта ихтисослаштирилган мактабга ўқиш истагини билдирса, устунлик юқори балл тўплаган талабгорга берилади. Агентлик тизимида янги ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактабларга ҳужжат топширишда талабгорнинг ҳудудий мансублиги инобатга олинмайди. 

Янги очилган ихтисослаштирилган мактабларнинг аниқ фанлар йўналишига ўқувчилар қабули 2022/2023-ўқув йилида 5-11-синфларга, табиий фанлар йўналишига 7-11-синфларга, кейинги ўқув йилларида тегишлича 5- ва 7-синфларга амалга оширилади.