Ўзбекистон | 09:55 / 27.04.2022
16568
2 дақиқада ўқилади

«Айиқ боласи териси экспертизадан ўтказилади» - Экоқўмита Қашқадарёдаги ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди

Экология қўмитаси Kun.uz'га Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги қўнғир айиқ боласи билан боғлиқ ҳолат юзасидан қўшимча маълумот тақдим этди.

Фото: Экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси инспекторлари ва туман ИИБ ходимлари билан биргаликда олиб борилган тезкор қидирув натижасида, гумондор шахс Деҳқонобод тумани, "Оққишлоқ" МФЙ, Қизилсой қишлоғида яшовчи фуқаро К.Ш. экани маълум бўлиб, унинг хонадони текширилганида бир дона айиқ боласининг териси топилди. 

Шунингдек, айиқ боласи терисини сақлаб келган фуқаронинг сўзларига кўра, у айиқ боласини ўлик ҳолда топганлигини иддао қилмоқда. Бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида айиқ боласи териси экспертизадан ўтказилади.

Гумондор шахсдан тушунтириш хати олиниб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ҳозирда тузилган ишчи гуруҳ томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда, дейилади Экология қўмитаси маълумотида.

Аввалроқ, Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудида Қизил китобга киритилган қўнғир айиқлар топилганини хабар қилинган эди. Хабарга илова қилинган она айиқ ва унинг иккита боласи суратларини қўмитага “Теракли” МФЙда яшовчилар жўнатган. 

Кейинчалик Kun.uz'га ана ўша айиқ болаларининг камида биттаси ўлдирилгани ҳақида хабар келиб тушди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид