«Реал» йирик мағлубиятдан қутулиб қолди. Бензема эса «Олтин тўп» учун лойиқлигини яна бир бор намойиш этди.
Манчестер Сити — Реал 4:3
26 апрель, «Этиҳад»
Голлар: де Брюйне (2), Жезус (11), Фоден (53), Силва (74) — Бензема (33, 82 пенальти), Винисиус (55).
Манчестер Сити – Эдерсон, Стоунз (Фернандиньо, 36), Лапорт, Диаш, Зинченко, де Брюйне, Бернарду Силва, Родри, Фоден, Марез, Габриэл Жезус (Стерлинг, 83).
Реал – Куртуа, Карвахаль, Алаба (Начо, 46), Милитао, Менди, Модрич (Себальос, 79), Кроос, Вальверде, Бензема, Винисиус Жуниор (Асенсио, 88), Родриго (Камавинга, 70).
Огоҳлантиришлар: Фернандиньо (81), Начо (90+3).
Карло Анчелотти ўз вақтида Пеп Гвардиолага фаолиятидаги энг йирик мағлубиятни тақдим этган. 2013/14 йилги мавсум яримфиналида папа Карло бошчилигидаги «Реал» Пепнинг «Бавария»сини иложсиз қолдириб (1:0, 4:0) орзудаги Десима томон қадам ташлаган ва финалда ҳам ғалаба қозониб ўнинчи бор Чемпионлар лигасини қўлга киритганди.
Маълум бўлишича, айнан ўша вақтда «Гвардиола синдроми» пайдо бўлган, у муҳим ўйинлар арафасида ҳадиксираб, жамоа учун ноодатий бўлган қандайдир режалар ўйлаб топишга одатланган. Бунга классик намуна — 2020 йилда яримфиналда жамоа «Лион»га мағлуб бўлиб турнирни тарк этиши бўлганди.
Аммо бу сафар Пеп ҳеч қандай янги нарса ўйлаб топиб, донолик қилмади. Шу билан бирга масъулиятдан қочиш одатини канда қилмади — марказий ҳудудда Родрининг ёнида Илкай Гундўған эмас, Кевин де Брюйне ва Бернарду Силва чиқди. Бу эса ўзини оқлади.
«Реал»да ўйинда қатнашиши сўроқ остида бўлган ёки қатнашмаслиги аниқ бўлган футболчилар бир гуруҳ бўлди – Давид Алаба, Ферлан Менди, Каземиро, Гарет Бэйл, Марсело, Хесус Вальехо, Эден Азар, Лука Йович ва Мариано Диас. Бундай йўқотишлар туфайли Карло Анчелотти ўзини ҳам захира футболчиси сифатида заявкага киритиши мумкин эди. Аммо барчаси кутилганидек даҳшатли бўлиб чиқмади: дастлабки икки футболчи асосий таркибга кирди, яна тўрт нафари заявка қилинди ва фақат Азар, Йович ва Диас яримфинал ўйинини мухлислар қаторида томоша қиладиган бўлишди.
Ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ «Реал»нинг бошланғич таркибидаги футболчиларнинг барчаси ўйинга тайёр эмаслиги кўриниб қолди. «Ман Сити» мадридликларни юқори прессинг билан босиб ташлади, майдоннинг иккинчи қисмида футболчилар жойларини тез-тез ўзгартириб чалғитишди, тўп жуда тез ҳаракатлантирилди. Натижада иккинчи дақиқадаёқ ҳисоб очилди. Винисиус Жуниор ва Менди Риёз Маҳрез рақиб бўш қолдирган йўлак бўйлаб ҳаракатланишини томоша қилишди, тўп узатилган нуқтада Дани Карвахаль эпизодни Кевин Де Брюйнега ютқазди.
















