Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров армия Украинада «махсус амалиётнинг иккинчи босқичи»ни бошлагани ҳақида маълум қилганди. Киевдагилар ҳам ҳал қилувчи жанглар бошланиб кетганини айтишган. Аммо ҳозирча Донбассдаги вазият жиддий ўзгарган дейиш қийин: Россия армияси ва ДХР ҳамда ЛХР кучлари фаоллашган, аммо қатъий ҳаракатларга қўл урилгани йўқ. Очиқ маълумотларга асосланган ҳолда қайси йўналишлардан ҳужум бўлиши ҳақида аниқ хулосага келиш қийин. Амалиётга тайёрланиш узоқ давом этаётганининг ажабланарли томони йўқ: ўртага кўп нарса тикилган. Уруш натижаси, катта эҳтимол билан, операциянинг қандай шакли танланишига боғлиқ бўлади.

Россия томони урушнинг иккинчи босқичидан мақсад Донбасс ва Жанубий Украина устидан тўлиқ назорат ўрнатиб, аннексия қилинган Қримга йўлакни таъминлаш, шунингдек Молдовадаги Днестрбўйига йўл очиш эканини билдирган. Украина билан тинчлик музокаралари ҳам музлаб қолган, «Москва» крейсери ҳалокатидан ғазабланган Путин энди Украинанинг имкон қадар кўпроқ ҳудудини эгаллаб олишни истамоқда.

Лекин ҳозирча Донбассда ҳал қилувчи жангларни эслатувчи воқеалар рўй бермаяпти. Россия қўмондонлиги ҳал қилувчи ғалабага эришмоқчи бўлса, қатор муаммоларини бартараф этиши керак. Украин армияси ҳам кучларини Донбассда жамламоқда.

Украина армиясининг мамлакат шарқидаги позициялари бир қадар устунликларга эга. Бу позициялар шимол ва шарқдан Шимолий Донец дарёси билан ўралган, бу эса техникалар ва таъминотчи колонналарни олиб ўтишда жиддий муаммо туғдиради. Россия армияси бу дарё бўйида, Изюм шаҳридан жанубда биргина плацдарм (ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўриладиган майдон) ўрната олган, украин кучлари эса бир неча плацдармларга эга: Чугуев ва Лимандан Северодонецккача — бу нуқталар орқали Россия ҳарбийлари устига қарши ҳужум уюштириш мумкин.

Жанубдан, Донецк йўналишида Украина қўшинлари сўнгги етти йил давомида (минтақадаги урушнинг биринчи фазаси якунланган 2015 йилдан буён) Донбассдаги республикалар билан туташув чизиғида барпо этилган, артиллерия билан мустаҳкамланган истеҳкомларга таянади. Икки ойдан буён россиялик ҳарбийлар ва Донбассдаги икки «республика» кучлари бу истеҳкомлар занжирини ёриб ўта олмади.

Сўнгги ҳафталарда россиялик ҳарбийлар, катта эҳтимол билан, қуйидаги муаммоларни ҳал қилишга тайёргарлик кўриш билан машғул бўлишди:

  • Киев ва Черниговдаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган қисмларни Донбассга олиб ўтиш жараёнини якунлаш. Изюмдан жанубдаги ҳудудда аввал Киевдан шимол ва ғарбдаги ҳудудларда кўзга ташланган десант қисмлар пайдо бўлган.
  • ЛХР ва ДХР кучлари Донецк ва Лисичанск шаҳарлари атрофидаги мустаҳкамланган саноат зоналари ва шаҳарлар орқали ўтишга уринмоқда.