Ўзбекистон | 08:26 / 30.04.2022
8707
3 дақиқада ўқилади

Япония ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга ташриф буюрди

Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяси президент Шавкат Мирзиёев ва ташқи ишлар вазири Владимир Норов томонидан қабул қилинди.

Дастлаб, кеча 29 апрель куни мартабали меҳмонни Норов Тошкент халқаро аэропортида кутиб олди ва қисқа суҳбатда томонлар ташриф кун тартибидаги асосий масалалар ва режалаштирилган учрашувлар бўйича фикр алмашди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаясини қабул қилди.

Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, Япониянинг ривожланиш ва ҳамкорлик институтларининг молиявий маблағлари иштирокидаги қўшма дастурлар портфели 7 миллиард доллардан ошган.

Ўзаро савдо ҳажми эса талаб юқори бўлган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг янги турларини етказиб бериш ҳисобига ошиб бормоқда.

Шавкат Мирзиёев олий даражадаги самарали мулоқотларни давом эттириш муҳим эканлигига тўхталиб, Япония Бош вазири Фумио Кисидага Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиш таклифини яна бир бор тасдиқлади.

Бир неча соатдан кейин Ташқи ишлар вазирлигида Владимир Норов япониялик ҳамкасбини қабул қилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Ёшимаса Хаяси Ўзбекистонга ташқи ишлар вазири сифатида сўнгги 12 йилда илк маротаба ташриф буюраётганини таъкидлаган.

Владимир Норов Ўзбекистон томони умумий менталитет, анъана ва қадриятлар асосида алоҳида ишонч ва ўзаро ҳамжиҳатлик касб этган Японияни яқин дўст ва вақт синовидан ўтган ҳамкор сифатида билишини таъкидлади.

Учрашувда «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти самарадорлигини транспорт-логистика борасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, шунингдек, экология, таълим, фан ва соғлиқни сақлаш соҳалари бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали юксалтириш муҳимлиги қайд этилди. Афғонистонда юзага келаётган вазиятга алоҳида эътибор қаратилиб, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

ТИВда ўтган учрашувда Ўзбекистон томонидан, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Халқ таълими, Транспорт, Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосарлари ҳам қатнашди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бугун Япония бош дипломати Тошкентнинг бир қанча диққатга сазовор жойларига ташриф буюриши кутилмоқда.

Мавзуга оид