Литва президенти Гитанас Науседа (чапда) Полша президенти Анджей Дуда билан Вилнюс яқинида Gas Interconnection Poland–Lithuania (GIPL) газ қувури очилиши маросимида. Литва-Полша газ қувури пайшанба куни табиий газ ташиш учун фойдаланишга топширилди, бу Россия энергия манбаларига қарамликдан халос бўлиш томон ташланган навбатдаги қадам бўлди. Фото: AP Photo/Mindaugas Kulbis

Украинадаги урушнинг 72-куни. Сўнгги соатлардаги маълумотлар

  • Пайшанба куни кечқурун Америка нашрларида Америка разведкаси ва Украина қуролли кучлари ҳамкорлиги бўйича янги маълумот пайдо бўлди. Бу сафар АҚШдаги аноним манба Америка разведкаси Украина томонига Россиянинг «Москва» крейсерига зарба бериш учун маълумотлар тақдим этганини айтган. Пентагон расмийси Жон Кирби бу хабарга муносабат билдириб, зарба бериш тўғрисидаги қарорни украинларнинг ўзи мустақил қабул қилгани, Қўшма Штатлар эса қанотли ракеталарни нишонга йўналтириш учун тўғридан тўғри маълумотлар етказиб бермаганини маълум қилди.
  • БМТ координатори ертўлаларида 200 нафар атрофида тинч аҳоли вакиллари қолаётган «Азовстал» металлургия комбинатига эвакуация карвони етиб бориши кутилаётгани ҳақида хабар берган.
  • Украина ва Германия президентлари Володимир Зеленский ва Франк-Вальтер Штайнмайер телефон орқали гаплашишди ва ярашиб олишди.
  • Евроиттифоқ мамлакатлари Россияга қарши санкцияларнинг янги пакети бўйича келишиб олишда давом этмоқда, асосий эътибор Россиядан нефт импортига эмбарго қўйишга қаратилмоқда. Шарқий Европанинг айрим мамлакатлари, хусусан Венгрия ва Словакия ўзларининг нефтни қайта ишлаш заводларини қайта қуриш ва хомашё етказиб берувчи муқобил каналларни яратиш учун узоқ муддатли ўтиш даври талаб қилишмоқда.
  • АҚШнинг биринчи ледиси Жилл Байден Шарқий Европага йўл олди. Унинг турнеси жума куни Руминиядан бошланади, якшанба куни у Словакияда украиналик қочқинлар билан учрашади ва Украина чегарасига келади.
  • Украина томони маълумотларига кўра, Донецк ва Луганск областларида ўтган кунда россиялик ҳарбийларнинг 11 ҳужуми қайтарилган, саккиз танк ва 11 та зирҳли техникалар, бешта автомобил йўқ қилинган.
«Азовстал»нинг юқоридан кўриниши. «Азов» полки жангчилари 5 май куни россиялик ҳарбийлар заводга авиация, артиллерия ва пиёдалар орқали янги юриш бошлаганини маълум қилган. Аммо 6 майга ўтар кечаси завод ва унга ёндош ҳудудлардан 500 нафар атрофида тинч фуқаролар эвакуация қилинди.