Ўзбекистон | 12:00 / 06.05.2022
9064
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт университетида «Нурли диагностика ва даволашнинг янги технологиялари» мавзусида халқаро конференция ўтказилди

2022 йил 5-6 май кунлари Самарқанд вилоят ёшлар марказида «Нурли диагностика ва даволашнинг янги технологиялари» халқаро илмий-амалий конференцияси ташкил қилинди. Халқаро анжуманда АҚШ, Германия, Япония, Австрия, Бангладеш, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан радиологлар жамиятлари вакиллари, республикамиздаги, яқин ва узоқ хорижий давлатлар нуфузли олий ўқув юртлари ва илмий марказлари олимлари ва изланувчилари иштирок этди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт университети

Халқаро анжуманни ўтказишда янги технологияларни клиник тиббиётга жорий қилиш, янги технологияларнинг амалий соғлиқни сақлаш тараққиётидаги ҳиссасини, визуализациялашнинг беморларни даволашдаги ўрнини муҳокама қилиш каби асосий мақсадлар кўзда тутилди.

Конференция тантанали очилишида Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон радиологлар жамияти раиси профессор Марат Ходжибеков, Medical University of Graz профессори Райнер Райнмюллер, А.Ф.Циба номидаги тиббиёт марказининг очиқ радионуклидлар билан даволаш радиожарроҳлик бўлими раҳбари Валерий Крылов, Қозоғистон радиология жамияти президенти профессор Раушан Рахимжанова, тиббиёт ходимлари касбий малакасини ошириш маркази профессори Акрам Фозилов, ТошДПИ тиббий радиология кафедраси мудири Гулнора Юсупалиева ва бошқалар сўзга чиқиб, нурли диагностика ва тиббий радиологиянинг замонавий ривожи устуворлари, соҳа учун малакали кадрларни етиштириш ҳамда халқаро алоқаларни ривожлантириш аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирдилар.

Ялпи мажлисдан сўнг халқаро анжуман иши бешта шуъбада давом эттирилиб, клиник тиббиётда нурли диагностиканинг янги технологиялари, онкологияда диагностик радиология ва нур терапияси, жароҳатлар ва шошилинч ҳолатларда нурли диагностика, тегишли мутахассисликларда нурли диагностика ҳамда ёш тадқиқотчиларнинг илмий-тадқиқот фаолияти натижаларига бағишланган 100 зиёд маърузалар қилинди ва тегишли йўналишлардаги илмий янгиликлар соҳа мутахассислари томонидан муҳокама қилинди.

Анжуман доирасида радиологиянинг МРТ, компьютерли томография, УТТ, рентгенология ва радиотерапия йўналишлари бўйича халқаро танловлар ҳам ўтказилади. Танловларда университет бакалавриат ва магистратура босқичи талабалари, клиник ординаторлари, вилоятлардан келган амалиёт шифокорлари билан бир қаторда Россия Федерацияси ва Қозоғистон вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Самарқанд давлат тиббиёт университети томонидан ўтказилган халқаро конференцияси республика ва минтақамизда нурли диагностика ва радиологияни тараққий топтириш, илмий янгиликларни клиник тиббиётга жорий қилиш, малакали тиббиёт кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда республикамиз тиббиёт олийгоҳлари ва илмий текшириш марказлари халқаро алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Самарқанд давлат тиббиёт университети матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид