Жаҳон | 14:42 / 07.05.2022
5365
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон хавфсизлик хизмати мамлакатда хорижий биолабораториялар йўқлигини маълум қилди 

Озарбойжон мамлакатда ана шундай лабораториялар ишлаши тўғрисида аниқ фактлар тақдим этилишини сўраган.

Фото: The Food Safety Agency of the Republic of Azerbaijan

Озарбойжон хавфсизлик хизмати мамлакат ҳудудида учинчи мамлакатлар томонидан молиялаштириладиган биолабораториялар йўқлигини маълум қилди.

"Охирги вақтда Россия Федерацияси вакиллари томонидан Озарбойжон ҳудудида гўёки учинчи мамлакатлар томонидан молиялаштириладиган биологик қурол соҳасидаги тадқиқотлар бўйича марказлар фаолият кўрсатиши ҳақида бир неча марта фикр билдирилди. Шу муносабат билан маълум қиламизки, республика ҳудудида бундай лабораториялар ҳеч қачон фаолият юритмаган, Озарбойжон ёки қўшни давлатлар фуқаролари саломатлигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳеч қандай тадқиқотлар ўтказилмаган", - дейилади хавфсизлик хизмати баёнотида. 

Қўшимча қилинишича, мамлакатда ана шундай лабораториялар ишлаши тўғрисида аниқ фактлар тақдим этилган тақдирда, Озарбойжон томони бу масалада ҳамкорликка тайёр.

"Агарда Россия томони аниқ фактларни тақдим этса, буни ўрганишга тайёрмиз", - дейилган баёнотда. 

27 апрел куни Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев АҚШ ва унинг шериклари айрим собиқ иттифоқ республикалари ҳудудларида ҳарбий-биологик фаолият билан шуғулланувчи биолабораториялар тармоғини йўлга қўйганини айтганди. 

Мавзуга оид