Савдо-саноат палатаси – тадбиркорларни бирлаштирувчи ва уларга кўплаб соҳаларда кўмаклашувчи, кўнгиллилик асосида тузиладиган нодавлат нотижорат ташкилот.

Кўплаб ривожланган мамлакатларда савдо-саноат палаталари мавжуд бўлиб, аъзоларига ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа ёрдам кўрсатишади. Бу ташкилотлар соғлом иқтисодий жараёнларнинг ажралмас қисмига айланган.

Ўзбекистонда ҳам савдо-саноат палатаси бор ва эндиликда унинг фаолиятини янги даражага чиқариш кўзда тутилган. Яқинда бу ташкилотга «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида фаолият кўрсатиб, уюшма аъзолари билан ишлашни янги босқичга чиқаролган тадбиркор Даврон Ваҳобов раҳбар бўлди. Kun.uz у билан суҳбат қилди.

— Савдо-саноат палатасининг кейинги фаолиятига доир режаларингиз?

Савдо-саноат палатаси томонидан охирги беш йил ичида олдинга қўйилган йирик режалар тўлиқ амалга оширилди. Палатанинг юридик тизими шаклланди. ССПнинг республикамизнинг барча вилоятлари бўйича штатлари белгиланган, ҳар бир вилоят бўйича 20тага яқин мутахассислар ва уларга бошлиқлар тайинланган бўлиб, улар томонидан вилоятлар кесимида тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилиб, вилоят даражасида, зарурат бўлганда республика даражасига олиб чиқиб ҳал этиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.

Ҳозирги кунда тадбиркор олдида турган қийинчиликларни тезкор равишда ҳал этиш муҳим вазифа ҳисобланади. Яъни муаммонинг тезкорлик билан ҳал этилиши корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати тушиб кетмаслиги ва керакли бозорга олиб борилишига олиб келади. Тадбиркорларда мавжуд муаммолар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўз вақтида ўрганилиши тўсиқларнинг камайишига олиб келади.

Ҳозирги кундаги палата олдида турган энг муҳим вазифа бу – барча тадбиркорлик субъектлари, йирик, ўрта ва кичик тадбиркорлик субъектлари билан биргаликда ҳамоҳанг ишлаш, уларнинг масала ва муаммоларини тинглаб ечим топишдир.

— Аниқ инструментлар ҳақида гапирсангиз?

Бугунги кунга келиб ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларнинг кўплаб муаммолари ўрганилиб, уларнинг ечими юзасидан ҳурматли президентимиз томонидан кўплаб аниқ қарорлар қабул қилинмоқда. Ушбу қарорларни тадбиркорларга етказиб бериш, улардан фойдаланиш юзасидан маълумот бериш, улар билан ишлашни ўрганиш ва шу орқали натижадорликни оширишимиз лозим. ССПнинг биринчи ўриндаги вазифаси ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қарорларни пастки тизимга, тадбиркорларимизга етказиб беришдир.