Бу 2022 йил баҳоридаги дастлабки истеъфолар ҳисобланади. Яна бир губернатор эса сентябрдаги сайловларда янги муддатга ўз номзодини қўймаслигини айтди. Бу йил Россия президентининг Украинага қарши бошлаган уруши ички сиёсатга соя солмоқда. ОАВ губернаторлик сайловлари уруш ва санкциялар сабабли бекор қилиниши ёки қолдирилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Аммо ҳозирча бундай бўлмади. Сайловларга тўрт ой қолди.

Томск области

«20 январ куни 65 ёшга тўлдим. Барча эркаклар қалбан бола бўлсалар-да, барибир мен мамлакатдаги энг ёши улуғ губернаторларданман. Ва албатта, ёшларга йўл бўшатиш керак», дейилади Томск области губернатори Сергей Жвачкиннинг баёнотида.

Сергей Жвачкин

Жвачкин 2012 йил 17 мартдан буён губернаторлик қилиб келаётганди. Ундан олдинроқ у «Газпром» тузилмаларида ишлаган.

Губернатор президент Владимир Путин «унинг позициясини қўллаб-қувватлагани»ни айтди. Путин 69 ёшда.

Путин аввалги йилларда мунтазам тарзда губернаторларнинг истеъфоларини қабул қилиб келган, улар доим ўз ихтиёрлари билан ариза ёзишарди. Одатда кузги ва баҳорги губернаторлар истеъфоси тўлқини юз берарди. Жорий баҳор бошида истеъфолар бўлмади - 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирганди.

Киров области

Жвачкин ортидан Киров области раҳбари Игорь Васильев истеъфо ҳақида эълон қилди. У 60 ёшда.

Игорь Васильев

Путин 2016 йил июлда уни губернатор вазифасини бажарувчи этиб тайинлаганди. У кейинги йилги сайловларда ушбу лавозимга сайланди. Васильев коррупция иши бўйича ҳибсга олинган Никита Белих ўрнини эгаллади.

У ўз телеграм-каналида «ваколат муддати якунланиши яқинлашаётгани сабабли» бўшаётгани ва «ишини федерал миқёсда давом эттирмоқчи»лигини маълум қилди. Илгари Васильев Росреестрни бошқарган. У ҳам Жвачкин сингари Путин унинг қарорини қўллаб-қувватлаганини билдирди.

Саратов области ва Марий Эл

Истеъфога чиқиши ҳақида учинчи бўлиб Саратов области раҳбари Валерий Радаев эълон қилди. У Киров губернаторидан бир ёшга катта ва регионни 10 йил давомида бошқарди.