Жаҳон | 17:23 / 30.07.2023
14338
2 дақиқада ўқилади

Марий Элда бўрон вақти сайёҳлар лагерини дарахт босиб қолди. Саккиз киши ҳалок бўлган

Кучли бўронлар вақтида Приволжский федерал округида жами 10 киши ҳалок бўлиб, 65 дан ортиқ киши яраланган.

Фото: Россия ФВВ

Россиянинг Марий Эл Республикасидаги Ялчик кўлидаги довул оқибатида камида саккиз киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Йошкар-Ола шаҳри мэри Евгений Маслов маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бўрон туфайли 10 киши шифохонага ётқизилган, улардан икки нафари оғир аҳволда. Бундан аввалроқ Россия ФВВ Ялчик кўлидаги довул пайтида етти киши ҳалок бўлиб, 20 киши яраланганини хабар қилганди.

Марий Эл раҳбари Юрий Зайцев берган маълумотга кўра, Ялчик кўли бўйидаги ёввойи пляжда чодирлардан тикланган лагер устига дарахтлар қулаган. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар орасида — уч нафар бола ҳам бор. ФВВ маълумотига кўра, сайёҳлар гуруҳи қутқарув хизматлари томонидан рўйхатга олинмаганди.

«Подъем» нашри қутқарувчиларга таяниб ёзишича, ҳодиса рўй берган вақтда Ялчик кўли соҳидаги лагерда 500 тага яқин автомобил бўлган. Бўрон бошлангач, кўпчилик ўрмондан чиқишга ҳаракат қилган, аммо қулаган дарахтлар чиқиш йўлларини тўсиб қўйган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, аёллар ва болаларни қулаётган дарахтлар остида қолмаслиги учун соҳилга олиб чиқишган.

29 июл куни Приволжский (Волга бўйи) федерал округида саккиз регионда, жумладан Марий Элда бўрон кузатилди. Шамол тезлиги сониясига 27 метрга етган. ФВВ хабарига кўра, қарийб 100 минг киши яшайдиган 520 та аҳоли яшаш манзилларида 550 дан ортиқ дарахтлар қулаган, 41 уй ва еттита ижтимоий объектлар томи шикастланган. ФВВ соат 7:32 да берган маълумотга кўра, федерал округда бўрон туфайли тўққиз киши ҳалок бўлган, 65 нафардан ортиқ киши жароҳат олган. Татаристонда дарахт сайёҳлар чодири устига қулаши оқибатида бир бола ҳалок бўлган.

Мавзуга оид