Президент қарори билан коррупцияга мойил муносабатларни бартараф этиш бўйича чоралар дастури тасдиқланди.
Дастурга кўра, ОТМларга ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзлар рўйхати ягона ҳужжатда шакллантирилади ва бу имтиёзлар умумий квотага киритмаслиги тўғрисида қоида белгиланади.
Ҳозиргача ҳам қатор имтиёзлар, масалан, ҳарбий хизмат тавсияномасига эга бўлганлар (халқ тилида “армистлар”) учун умумий квотадан ташқари ўринлар ажратилаётган эди. Ёки зулфиячилар учун ҳам қўшимча грант ўринлари ажратилиши бошланган.
Шундай бўлса-да, бундан буёғига имтиёзларнинг алоҳида тарзда тартибланиши ва тўлалигича квотадан ташқари бўлиши белгилаб қўйилиши абитуриентларнинг кўнглини қисман хотиржам қилиши мумкин.
Грантга, контрактга – асосий имтиёз турлари
Kun.uz ўқишга киришда алоҳида имкониятлар берувчи имтиёзларни жамлади. ДТМ сайтида алоҳида гуруҳланишича, имтиёзлар бир-биридан фарқ қилади:
- имтиҳонсиз, қўшимча давлат гранти асосида ўқишга киришга асос бўлувчи;
- имтиҳонсиз, контракт асосида ўқишга киришга асос бўлувчи;
- фақат бир фан имтиҳонидан озод этишга асос бўлувчи;
- тўпланган баллга балл қўшиб берувчи;
- алоҳида квота доирасида имтиҳонда иштирок этишга асос бўлувчи имтиёзлар.
Бу турдаги имтиёзларнинг барчаси бир-биридан фарқ қилади. Бироқ даражаси турлича бўлса ҳам, улар оддий тартибда ҳужжат топширган абитуриентларга нисбатан анча кўпроқ имкониятга эгаликни англатади.
Ҳозир уларни бирма-бир санаб чиқамиз.
Имтиҳонсиз, қўшимча грант асосида талаба бўлувчилар:
- ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ёшлар иттифоқининг тавсияномаси билан ҳар бир ҳарбий қисмдан бир нафардан ёш ҳарбий хизматчи;
- хизмат вазифасини бажариш пайти ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган Қуролли Кучлар таркибидаги ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ва Миллий гвардия ходимлари, ички ишлар тизими ходимларининг фарзандлари;
- Олимпия, Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон чемпионатларида охирги 3 йилда ғолиб бўлганлар;

















