Ўзбекистон | 10:08 / 12.05.2022
3036
3 дақиқада ўқилади

Овчилар жамоат бирлашмалари жамоат хавфсизлигини таъминлашда давлат органларига кўмаклашади

Вазирлар Маҳкамасининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида овчилар жамоат бирлашмалари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Youtube / Manzil

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида овчилар жамоат бирлашмаларининг мутасадди давлат органларига кўмаклашиш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятини тизимли ташкиллаштириш ва замонавий иш услубларини амалга ошириш юзасидан таклифлари маъқулланади.

Қуйидагилар овчилар жамоат бирлашмаларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

овчилик хўжаликларида ва уларга туташ ҳудудларда шубҳа уйғотувчи шахслар бўлишини, улар томонидан қурол-аслаҳа, гиёҳвандлик воситалари, бошқа тақиқланган ашёларни олиб ўтиш ёки яшириб қўйиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа ҳолатларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича ваколатли давлат органларига амалий ёрдам кўрсатишда иштирокини кенгайтириш;

фуқароларни ов қуроли билан муомалада бўлиш ва ундан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш ва тизимини такомиллаштириш;

стендга ўқ отиш, овчилик биатлони каби спорт ҳарбий-амалий турларини ривожлантиришда, ушбу спорт турлари билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани яратишда, овчилик-спорт клублари тизимини шакллантиришда қатнашиш;

спорт ўқ отиш турлари бўйича иқтидорли спортчиларни, биринчи навбатда ёшларни аниқлашда, уларни тайёрлаш ва ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этишда спорт ташкилотларига кўмаклашиш;

ҳайвонлар ва инсон учун хавфли касалликлар тарқатувчилари бўлган, одамларга ҳужум қиладиган, қишлоқ ва уй ҳайвонларини қириб ташлайдиган ёввойи ва қаровсиз қолган ҳайвонлар сонини тартибга солиш ва йўқ қилиш тадбирларида қатнашиш;

давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари билан жамоат хавфсизлигини таъминлашга ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишга доир фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик даражасини кучайтириш.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги:

қарор талабларини амалга ошириш механизмини белгилайдиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлайди ва сифатли бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатади;

Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси ва унинг минтақавий тузилмалари билан биргаликда овчилик хўжаликлари ҳудудида қўшма рейдлар ва бошқа профилактик тадбирларини тажрибали ҳаваскор овчиларни жалб этган ҳолда доимий равишда ўтказиш амалиётини йўлга қўяди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид