Ўзбекистон | 11:07 / 13.05.2022
22523
2 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги туман ҳокими Навоий вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди

13 май куни Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани ҳокими Навоий ҳокимига ўринбосар этиб тайинланди. 12 май куни у президентнинг вилоятга ташрифи вақтидаги тадбирларда иштирок этган.

Фото: Kun.uz

Навоий вилояти ҳокими ўринбосарларидан бири ўзгарди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, Акмалжон Азимжонович Маҳмудалиев Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосари Саъдулло Истамов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсуновнинг 2022 йил 10 майдаги тегишли қарори билан лавозимдан олинган.

Саъдулло Истамов (ўртада)

Акмалжон Маҳмудалиев 1974 йил Фарғона вилоятида туғилган бўлиб, 1995 йилда Самарқанд кооператив институтининг бухгалтерия ҳисоботи факультетини, 2005 йилда Тошкент Кимё-технология институтининг дон ва дон маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси факультетини тамомлаган.

2007 йилдан 2013 йилгача Давлат дон инспекциясининг Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмасида етакчи ва бош давлат дон инспектори лавозимларида ишлаган. 2013 йилнинг сентябрь ойидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

У 2018 йилнинг 14 июнь кунидан бошлаб бугунга қадар Фарғона вилоятининг Учкўприк туманига ҳокимлик қилиб келаётган эди.

12 май куни президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти Учкўприк туманида бунёд этилаётган Енгил саноат ва логистика марказига борганида Маҳмудалиев туман ҳокими сифатида тадбирларда иштирок этган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид