Жаҳон | 13:02 / 16.05.2022
17009
5 дақиқада ўқилади

Швеция ҳам Финландия ортидан НАТОга киришга қарор қилди. Туркиянинг позицияси муаммо ҳисобланмаяпти

Швециядаги ҳукмрон Социал-демократик партия мамлакат НАТО аъзоси бўлишини қўллаб-қувватлади - бу ҳақда Финландия бош вазири Санна Марин финнларнинг Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлиши тўғрисидаги қарорни узил-кесил тасдиқлашидан бир неча соат ўтиб эълон қилинди.

Финландия бош вазири Санна Марин ва мамлакат президенти Саули Ниинистё Ҳелсинкидаги президентлик саройида ўтказилган матбуот анжуманида Финландия НАТОга аъзо бўлиш тўғрисида расман мурожаат қилганини эълон қилди.
HEIKKI SAUKKOMAA/ GETTY IMAGES

Ҳаммаси шведларнинг социал-демократларига боғлиқ бўлиб турганди: уларнинг қўллаб-қувватловисиз парламентда НАТОга аъзо бўлиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун етарлича овоз тўплаб бўлмасди - аммо айнан социал-демократлар кўп вақтдан буён бунга қарши эди ва Россиянинг Украинага босқинидан кейин ҳам бу позиция ўзгармай келаётганди.

200 йил мобайнида Швеция қатъийлик билан бирор ҳарбий иттифоққа аъзо бўлмаслик принципига амал қилиб келган.

Мамлакат бош вазири Магдалена Андерссон НАТОга кирмаслик Швецияни заиф аҳволга солиб қўйишини айтган. «Россиянинг Украинага сабабсиз бостириб кириши нафақат ноқонуний ва асоссиз, балки Швеция ўз хавфсизлигини таъминлаётган Европа хавфсизлиги тартибини ҳам бузмоқда», — дейди Андерссон хоним.

Амалда икки давлат учун кўп нарса ўзгармайди: Швеция ҳам, Финландия ҳам 1994 йилда НАТОнинг расмий ҳамкорларига айланган, альянс армиялари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келинади, унинг барча техник ва институционал талабларига жавоб беради. Асосий ўзгариш - Шимолий Атлантика келишувининг бешинчи моддаси билан боғлиқ, унга кўра альянснинг бирор давлатига ҳужум барчага ҳужум сифатида қабул қилинади.

Швеция бош вазири Магдалена Андерссон 8 март куни, уруш бошланган илк ҳафталарда мамлакатнинг НАТОга киришига қарши эди. 15 майга келиб унинг позицияси ўзгарди.

Россия Украинага бостириб кирганидан кейин швед жамиятида НАТОга аъзо бўлиб кириш ғояси тарафдорлари кескин ўсди.

Шу билан бирга, НАТОга аъзо бўлиб кириш Россия томонидан ҳарбий тажовуз эҳтимолини камайтиради, дейиш қийин. Баъзилар эса Швеция бу орқали узоқ вақтлардан буён йирик можаролардан четда турувчи, бетараф ва тинчликсевар мамлакат мақомини йўқотаётганидан қайғуда.

НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг сўзларига кўра, Финландия ва Швециянинг аъзо бўлиб кириши НАТО эшиклари очиқлиги ва «тажовузкорлик ўз самарасини бермаслиги»ни намойиш этадиган тарихий воқеага айланади.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг иштирокчи давлатларнинг ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашувида видеоалоқа орқали иштирок этди. Саҳнада - Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок. Фото: HANNIBAL HANSCHKE/GETTY IMAGES

НАТО бош котиби альянс «Россия қилаётган ишларни диққат билан кузатиб бораётгани ва агар Россия ўз аъзоларидан бирига ҳужум қилишга уринса, ҳаракатга келишга тайёр экани»ни маълум қилган.

У шунингдек Владимир Путин Украина мағлуб этилиши, Европа ва Шимолий Америка эса бўлинишини исташини, аммо улар бирдамлиги, Украина эса бу урушда ғалаба қозониши мумкинлигини айтган.

Швеция ва Финландия НАТО аъзолари томонидан қучоқ очиб кутилиши ҳақидаги таассуротни Туркиянинг муносабати бироз бузди: президент Ражаб Тоййиб Эрдўған бунга ижобий муносабатда эмаслиги, «Скандинавия давлатлари террорчилик ташкилотлари учун меҳмон уйига ўхшаши»ни айтганди. Туркия кўплаб турк муҳожирлари яшайдиган Швецияни экстремистик курд гуруҳлари, шунингдек, Эрдўған Туркиядаги исён ташкилотчиси деб эълон қилган Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларига бошпана берганликда айблаб келади.

Россия билан чегара яқинида яшовчи финнлар (чегара бу уйдан тахминан 200 метр масофадан ўтган) мамлакат НАТОга аъзо бўлиши тўғрисидаги қарордан енгил тин олишди.

Финландия президенти Саули Ниинистё Туркиянинг эътирозидан ҳайрон қолганини айтган, унинг сўзларига кўра, бир йил олдин Эрдўған унга Финландия НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини айтганди. Лекин ўшандан буён Эрдўған бир неча бор позициясини ўзгартирган, шунинг учун ҳам аниқлик киритишга зарурат бор: «Менимча, ҳозирда аниқ жавоб жуда зарур. Мен президент Эрдўған билан у кўтарган масалалар юзасидан янги мулоқотга тайёрман», дея қайд этган Ниинистё.

Столтенберг альянс аъзолари Туркиянинг Швеция ва Финландия аъзолигига доир эътирозларини бартараф эта олишига ишончи комил эканини қайд этган.

Мавзуга оид