Кремлда урушнинг учинчи ойи якунида Россиянинг асосий ҳарбий иттифоқчилари йиғилди. Лукашенкодан бошқа ҳеч ким Украина ҳақида гапирмади. Фото: Сергей Бобилев / ТАСС

Швеция бош вазири Магдалена Андерссон душанба куни мамлакат НАТОга аъзо бўлиш тўғрисида мурожаат қилишини эълон қилганидан сўнг тез орада Шимолий Атлантика альянси икки янги аъзо - Швеция ва Финландия ҳисобига кенгайиши, НАТОнинг Россия билан чегаралари жиддий даражада узайиши аён бўлди.

Шу куни Москвада Беларус, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари иштирокида КХШТ саммити бўлиб ўтди. Учрашув давомида Владимир Путин Швециядан келган хабарларга анча босиқлик билан муносабатда бўлди, аммо яна бир бор Украинага танқид ёғдирди.

«Бизда ҳудудий баҳслар йўқ»

Москва Украинага бостириб кирилиши арафасидаги ойларда НАТОнинг кенгайишига қаттиқ қаршилик кўрсатгани билан солиштирганда Кремлнинг ҳозирги реакцияси кўпчилик учун ғалати туюлмоқда.

Афтидан, Кремлдагилар ҳам буни ҳис қилишди ҳамда Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиши билан боғлиқ вазият Украинанинг эҳтимолий аъзолигидан қанчалик фарқ қилишини тушунтиришга шошилишди.

Маълумот учун, Украинанинг блоклардан холи мақоми - Москванинг Киев билан тинчлик музокараларидаги асосий талабларидан бири.

«Бизда Финландия билан ҳам, Швеция билан ҳам ҳудудий баҳслар йўқ, Украина НАТО аъзосига айланган тақдирда, Россияда альянс аъзоси бўлган давлат билан ҳудудий низо вазияти юзага келган бўларди, бу эса бутун қитъа учун жуда катта хавф туғдирарди», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Январ ойида Москва НАТОдан шарқ томон кейгайишни бас қилиш, альянсга собиқ СССР давлатлари, жумладан Украинани қабул қилмаслик, бу давлат билан ҳар қандай ҳарбий ҳамкорликдан бош тортиш, шунингдек ҳарбийларини Марказий ва Шарқий Европа, шунингдек Болтиқбўйи давлатлари ҳали альянсга қўшилмаган 1997 йилдан олдинги позицияларга қайтаришни талаб қилганди.

Россия президенти Владимир Путин ўшанда 1949 йилги Шимолий Атлантика шартномаси янги аъзоларни НАТОга янги аъзоларни ёллаш мажбуриятини юкламаганини таъкидлаганди.